Ноизчил карантин ёки кичик бизнесга отилган тош. Карантин  харажатларини қоплаш бўйича Махсус комиссия қарори бекор қилинадими?
Жамият

Ноизчил карантин ёки кичик бизнесга отилган тош. Карантин харажатларини қоплаш бўйича Махсус комиссия қарори бекор қилинадими?

2024

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Республика Махсус комиссияси тадбиркорлар ўз объектларида касаллик юқтирган шахсларни карантинда сақлаш харажатларини ўзлари қоплаши лозимлиги бўйича ўта баҳсли қарор қабул қилди.

Унинг чоп этилишидан бир неча соат ўтгач, ижтимоий тармоқлар ғазабга тўлган изоҳлардан тошиб кетди. Кўплаб блогерлар, тадбиркорлар ва экспертлар бунга қарши чиқишди. Бунинг сабаби аниқ – пули тугаганлиги боис, давлат бу харажатларни бизнеснинг елкасига юклашга қарор қилган. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.

Ҳукумат нега бундай қарор қилди?

Давлатнинг бу борадаги ишларини тушуниш мумкин. Бюджет шундай ҳам жиддий босим остида турибди. Пандемия оқибатларини бартараф этиш учун асосий харажатларни қоплаб келаётган Инқирозга қарши жамғармани тўлдириш учун чет эл кредитларини олишга тўғри келмоқда.

Шу ўринда, қурувчилардан бири унинг муассасасида бир вақтнинг ўзида 183 киши коронавирусни юқтирган бўлиши мумкинлигини тахмин қилганлиги ҳақидаги янгилик тарқалди. Демак, давлат бизнес санитария-гигиена меъёрларини таъминлашга қодир бўлмаса, унда ўзи тўласин, деган мазмундаги қарор қабул қилган.

Аммо бундай ҳолатларда одатдагидек, ўт кетганда ҳўлу-қуруқ бир хил ёнади. Натижада, бундай қарордан кичик бизнес субъектлари - кафе, ресторан ва умумий овқатланиш жойлари, кичик дўконлар, корхоналар ва компания эгалари кўпроқ азият чекишади. Агар муайян уяли алоқа компанияси ёки йирик савдо тармоғи одамларни карантинга олиш харажатларини қоплай олса, кичик компаниялар ундан кўра ёпилиши ёки карантинга ўтиши афзалдир.

Менинг бир тадбиркор дўстим бу янгиликни шундай изоҳлади: "Менда 63 киши ишлайди. Менга уларнинг карантини учун пул тўлашдан кўра, барчасини тарқатиб юборишим осонроқ". Карантин харажатлари ҳам кам миқдорни ташкил этмайди. Тошкент вилоятидаги махсус карантин ҳудудида 14 кунда бир киши учун ўртача 2,2 миллион сўм сарфланади.

Шундай экан, табиий бир савол туғилади - киши айнан қаерда юқтирганлиги қандай аниқланади?

Масалан, шартли равишда оладиган бўлсак, бир ўзбекистонлик қариндошидан касаллик юқтириб, кейин ресторанга борса, у ерда яна бир неча кишига юқтирса. Агар ресторанга кираверишда унинг ҳарорати меъёрда бўлсаю, ресторан эгалари унинг «ковид» билан касалланганини аниқлай олишмаса, бу ҳолда ким айбдор бўлади?

Ундай бўлса, ҳокимият вакиллари бутун кичик бизнесни бир неча дақиқада одамнинг юқтирган ёки юқтирмаганлигини аниқлашга имкон берувчи тезкор тестлар билан таъминлаши лозим. Шунда харажатларни тўлаш талаби ўринлидир.

Шу билан бирга, ушбу қарорнинг қонуний асосланганлигига шубҳа мавжуд. Санитария-гигиена қоидаларини бузганлик учун жарима солиниб, тадбиркор хоҳласа судга мурожаат қилиши мумкин. Карантин харажатлари тўланадиган бўлса, кўплаб ҳуқуқий муаммолар келиб чиқади. Масалан судда инфекция жойини аниқлаш ва инфекциянинг айнан ўша ерда юқтирилганлиги исботлаш қандай кечади?

Яна бир чигаллик

Яна бир ғалати ҳолат шундан иборатки, хусусий боғчаларни 15-июндан, давлат боғчаларини эса   1-августдан очишга рухсат берилган.

Бу борада ҳукуматнинг мантиғини тушуниш мумкин. Давлат мактабгача таълим муассасаларини тайёрлаш, уларни зарур нарсалар билан жиҳозлашга вақт керак. Аммо хусусий боғчаларга 15 июндан бошлаб очилиш рухсат этилгани, гуруҳда 15 кишидан ортиқ бўлмаслиги бўйича чекловларнинг олиб ташланганлиги шуни кўрсатмоқдаки, хусусий сектор коронавирусга қарши курашда самаралироқ эканлигини давлатнинг ўзи тан олмоқда.

Хусусий боғчаларнинг очилиши уларнинг эгалари учун албатта қувонарли ҳол бўлиб, уларга ўз бизнесларини сақлаб қолиш имконини бермоқда. Бироқ, бунда ҳам айрим муаммолар мавжуд. Бундай йўсинда йўл тутилиши мамлакатдаги ижтимоий тенгсизликни янада кучайтирмоқда. Яъни, бадавлат одамлар ўз фарзандларини болалар боғчаларига юбора олишсаю, камбағал боғчаларга рухсат йўқ, ҳозирча чидаб туриш буюрилган.

Тўғриси, бундай ноизчиллик кўп нарсаларда намоён бўлмоқда.

Масалан, "қизил" ҳудуд ҳисобланган Қибрай туманига кун давомида кириш қийин, назорат пунктида йўловчилар ва уларнинг қаерга бораётгани текширилади. Аммо, Қибрайдан Тошкентга ўтиб кетиш жуда осон, текширувлар йўқ. Демак, хавфли ҳудуддан ҳар қандай касал пойтахтга бемалол кириши мумкин.

Кўчада ниқоб тақиб юриш - яна бир тушунарсиз қарор. Хоналар ичида ва транспорт воситаларида бу асосли бўлиши мумкин. Лекин жазирама иссиқда одамларни ниқоб тақишга мажбурлашни қандай тушуниш мумкин? Ниқоб тақиш шартми ёки йўқлигини нафақат биз, балки бу масалани аллақачон ўзи чалкашиб кетган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам тушунмаётгандир.

Анвар Исхоқов (таҳририят фикри муаллифнинг фикридан фарқ қилиши мумкин)

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...