Загрузка
Загрузка
Нуқсонли товарни дарҳол алмаштириш мажбурий бўлади: Янги қонун лойиҳаси Сенатга юборилди
Жамият

Нуқсонли товарни дарҳол алмаштириш мажбурий бўлади: Янги қонун лойиҳаси Сенатга юборилди

19
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Рақобат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, Сенатга юборилди. Бундан кўзланган асосий мақсад истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш ҳамда нуқсонли маҳсулотларни алмаштириш жараёнидаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишдан иборатдир.

Амалдаги қонунчиликда нуқсонли товарни алмаштириш ва уни қўшимча текширувдан ўтказиш тартиби аниқ белгиланмагани боис, сотувчилар томонидан жараённи 7 кунгача асоссиз чўзиш ҳолатлари кўп кузатилмоқда ва бу фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Рақобат қўмитасининг маълумотларига кўра, 2025 йилнинг ўзида истеъмолчилардан 53 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 23 фоизи бевосита савдо соҳасига тегишлидир. Бу мурожаатларнинг 6 мингга яқини нуқсонли маҳсулотлар масаласида бўлса, 25 фоизи электрон тижорат, яъни онлайн савдо орқали сотиб олинган товарлар ҳиссасига тўғри келади.

Янги қонун лойиҳаси билан тизимга бир қатор муҳим ўзгартиришлар киритилмоқда. Жумладан, агар истеъмолчи маҳсулотнинг ишлаб чиқарилиши ёки таркибида камчилик аниқласа ва сотувчида худди шу маркадаги соғлом товар мавжуд бўлса, у маҳсулотни дарҳол алмаштириб бериши шарт этиб белгиланмоқда.

Бу чора амалиётдаги "7 кунлик текширув" баҳонасидан суиистеъмол қилиш ҳолатларига чек қўяди. Маҳсулот сифатини қўшимча текшириш эса фақатгина товардаги нуқсон харидор томонидан фойдаланиш қоидалари бузилгани ёки сақлаш жараёнида келиб чиққанини ташқи кўринишдан аниқлаш имкони бўлмаган алоҳида ҳолатлардагина ўтказилади.

Шунингдек, янги тартибга кўра харидор ёки унинг вакили товар нуқсонини текшириш жараёнида шахсан қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади ва сотувчи текширув вақти ҳамда жойи ҳақида истеъмолчини олдиндан хабардор қилиши шарт бўлади.

Бундан ташқари, фуқаролар ўз маблағлари ҳисобидан мустақил экспертиза ўтказиш ҳуқуқига ҳам эга бўлишади. Маҳсулот сифатини қўшимча текшириш харажатлари, қоида тариқасида, сотувчи ёки ишлаб чиқарувчи томонидан қопланади, бироқ текширув натижасида маҳсулотда нуқсон йўқлиги ёки у харидорнинг хатоси туфайли бузилгани исботланса, барча харажатлар истеъмолчи зиммасига юклатилади.

Ушбу қонун лойиҳасининг тўлиқ қабул қилиниши сотувчи ва харидор ўртасидаги муносабатларни шаффофлаштиришга ҳамда аҳолининг истеъмолчилик ҳуқуқларини давлат даражасида янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...