Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда кўчмас мулк объектлари ва айрим товарлар бўйича солиқ базасини бозор қиймати асосида аниқлаш тартиби тасдиқланди. Бу Ҳукуматнинг 2026 йил 18 майдаги 253-сон қарори билан белгиланди.
Янги низомга мувофиқ, агар солиқ тўловчи ҳисоб ҳужжатларида кўрсатган нарх бозор нархидан 20 фоиздан ортиқ паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасини қайта ҳисоблаш ҳуқуқига эга бўлади.
Ҳужжатда қайд этилишича, бунда солиқ органлари таққосланадиган бозор нархлари усулидан фойдаланади. Кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати эса оммавий баҳолаш соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан белгиланади.
Шунингдек, бозор нархини аниқлашда нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими, аукцион ва давлат харидлари платформалари, сотувчилар нархномалари ҳамда бошқа очиқ маълумотлардан фойдаланиш мумкинлиги белгиланган.
Низомда товарлар бўйича бозор нархлари биржа савдоларидаги айнан ўхшаш ёки бир турдаги маҳсулотлар қиймати асосида аниқланиши кўрсатилган.
Мазкур тартиб Солиқ кодекси доирасида солиқ ҳисоб-китобларида бозор механизмларини кенгроқ қўллаш ва сунъий равишда пасайтирилган нархларнинг олдини олишга қаратилган.
Олдинроқ Рақобат қўмитаси нотариал тартибда расмийлаштириладиган кўчмас мулк олди-сотди шартномаларидан "эски қарздорликни янги эгасига юклаш" мазмунидаги бандларни чиқариб ташлаш бўйича ташаббус илгари сурганди. Таклиф Адлия вазирлигига юборилган.

Изоҳлар мавжуд емас