Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда дори воситалари савдосида нархларни сунъий ошириш ҳолатлари аниқланиб, истеъмолчилардан 21,1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ асоссиз ундирилгани маълум қилинди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2022 йил 26 октябрдаги Президент қарори асосида дори воситалари нархларини назорат қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича рақамлаштирилган тизим жорий этилган. Ушбу тизим орқали дориларнинг чакана ва улгуржи савдосида нархларнинг асоссиз оширилиши инсон омилисиз аниқланмоқда.
2026 йил март ойидан бошлаб референт нархлар устидан назорат янада қатъийлаштирилган. Унга кўра, улгуржи савдода дори воситалари белгиланган референт нархдан юқори баҳода сотилса, солиқ органлари томонидан ҳисоб-фактураларни рўйхатга олиш автоматик равишда тўхтатиш (валидация) тизими жорий этилган.
Натижада 12,5 мингдан зиёд дорихонада дори воситаларини белгиланган нархдан юқори сотиш ҳолатларининг олди олинган.
Ўтган давр мобайнида 2,5 мингга яқин дорихонада 686 минг ҳолатда савдо устамаси меъёрдан 10 фоиздан 3 баробаргача оширилгани қайд этилган. Шу асосда истеъмолчилардан 21,1 миллиард сўм асоссиз маблағ олинган.
2026 йил биринчи чорагида эса 190 дан ортиқ дорихонада 110,5 минг ҳолатда 1,4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ноқонуний ундирилган бўлиб, уларни қайтариш бўйича чоралар кўрилган.
Рақобат қўмитаси аҳолига дори хариди жараёнида нарх бузилиши ҳолатлари юзага келса, 1159 ишонч рақами орқали мурожаат қилиш мумкинлигини эслатиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган янги тартибга кўра, аҳолини бепул дори воситалари билан таъминлаш кўлами сезиларли даражада кенгайтирилмоқда. Эндиликда амалдаги 28 турдаги дори воситаси ўрнига жами 69 турдаги препарат беморларга бепул тақдим этилади.

Изоҳлар мавжуд емас