Загрузка
Загрузка
Олий суд яна 161 нафар қатағон қурбонини оқлади
Жамият

Олий суд яна 161 нафар қатағон қурбонини оқлади

11
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Олий суди 1920–1934 йилларда совет ҳокимиятига қарши ҳаракатларда айбланиб жавобгарликка тортилган яна 161 нафар ватандошни реабилитация қилди.

Олий суд ахборот хизмати маълум қилишича 2026 йил 6 май куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисларида Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан 8 та жиноят иши бўйича 161 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилган.

Қайд этилишича, мазкур жараёнлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги қатағон қурбонлари меросини чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга қаратилган фармойиши асосида амалга оширилмоқда.

Олий суд ҳузурида муайян сабабларга кўра аввал реабилитация қилинмаган қатағон қурбонларининг номини оқлаш масалалари бўйича ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, унинг фаолияти натижасида кейинги йилларда совет даврида қатағон қилинган 1 236 нафар ватандош оқланган.

Маълумотга кўра, Олий судга Туркфронт Фарғона қўшинлар гуруҳи Ҳарбий кенгаши қошидаги Фарғона махсус бўлими ҳамда Ўрта Осиё ва Қозоғистон бирлашган давлат сиёсий бошқармаси қошидаги Учлик кенгашининг 1920–1934 йиллардаги қарорлари асосида айбланган шахсларга оид жиноят ишлари келиб тушган.

Уларда фуқаролар босмачилик ҳаракатларига моддий ёрдам бериш, қуролли тўда тузиш, совет ҳокимиятига қарши қўзғолон ва аксилинқилобий ҳаракатларда иштирок этишда айблангани қайд этилган.

"Шу аснода адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди. Юрт мустақиллиги, дини, эътиқоди, маданияти ва миллат ғурури учун курашиш йўлида ўз жонини фидо қилган қатағон қурбонларининг пок номлари халқимиз қалбида мангу яшайди", дейилади Олий суд хабарида.

Олий суд томонидан 2026 йил 6 май куни реабилитация қилинган қатағон қурбонлари рўйхатини ушбу ҳавола орқали кўришингиз мумкин.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...