Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мингбулоқ туманида юқори кучланишли электр қурилмасининг хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги оқибатида вояга етмаган бола оғир тан жароҳати олгани юзасидан жиноят иши кўриб чиқилди. Суд жараёнида "Ҳудудий электр тармоқлари" компанияси Мингбулоқ туман электр таъминоти бўлими устаси Икрамжон Садировнинг ўз касбий вазифаларига бепарволиги исботини топди. Болакай бунинг оқибатида икки қўлидан айрилган.
Мазкур мудҳиш воқеа нафақат бир оиланинг ҳаётини издан чиқарди, балки электр тармоқларини эксплуатация қилишда йўл қўйилган лоқайдликнинг оғир оқибатларини кўрсатди. Суд ҳужжатларига кўра, воқеа 2025 йил 11 ноябрь куни тумандаги "Бирлашган" маҳалласи ҳудудида жойлашган ГКТП русумли 2-сонли трансформатор пунктида рўй берган.
Ҳодиса тафсилотларига кўра,4 ёшли вояга етмаган Ж.Холматов отаси билан бирга бўлган вақтида ҳожат чиқариш учун трансформатор атрофига ўтган. Боланинг отаси ушбу ҳудудда трансформатор борлигидан хабардор бўлган, аммо ўша пайтда юқори кучланишли қурилманинг эшиклари очиқ ва ҳимояланмаган ҳолатда қолдирилганини билмаган. Жабрланувчи отасининг кўз ўнгида бир зумда юқори кучланиш таъсирига тушиб, оғир тан жароҳати олган.
Тиббий экспертиза хулосаси бу фожианинг нақадар аянчли эканини тасдиқлаган: боланинг юзи, иккала қўли, елкаси ва чап болдири 3-4 даражали чуқур куйиш жароҳатини олган. Жонлантириш ва даволаш жараёнларида боланинг ўнг елкаси ва чап билаги юқори учлигидан кесиб ташланган. Бу жароҳатлар унинг умумий меҳнат қобилиятини 33 фоиздан ортиқ қисмига турғун равишда йўқотишига ва оғир ногиронликка олиб келган.
Суд жараёнида аниқланишича, "Ҳудудий электр тармоқлари" компаниясининг ҳудудий бўлими устаси Икрамжон Садиров ўз лавозим йўриқномасига кўра, ушбу трансформаторнинг техник ҳолати ва хавфсизлигига жавобгар шахс бўлган. Бироқ, у белгиланган тартибда ҳар олти ойда бир марта амалга оширилиши керак бўлган техник кўрикни ўтказмаган. Трансформаторнинг 5 та эшигини махсус қулфлар билан қулфлаб, бегона шахслар киришининг олдини олиш чораларини кўрмаган ва юқори кучланишга эга ускунани қаровсиз ва очиқ ҳолатда қолдирган.
Судланувчи ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирган бўлса-да, жабрланувчининг отаси ўғлининг қўлларидан айрилгани ва бутун умр ногирон бўлиб қолгани сабабли қатъий қонуний чора кўрилишини талаб қилган.
Суд ҳукмига кўра, И.Садировнинг ҳаракатлари ЖКнинг 207-моддаси (мансабга совуққонлик)дан 116-моддаси 1-қисмига (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) қайта малакаланган. Унга 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Шунингдек, судланувчидан жабрланувчи фойдасига 20 миллион сўм миқдорида маънавий зарар ундириш белгиланган.
Жабрланувчининг оиласига келгусида етказилган бошқа моддий ва маънавий зарарларни ундириш учун фуқаролик судига алоҳида тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.
Ушбу жиноят иши айни пайтда апелляция тартибида қайта кўрилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас