Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари томонидан Бунёдкор кўчасида жойлашган DP Petrol ёқилғи қуйиш шохобчасида назорат тадбири ўтказилди. Текширув экологик талабларга риоя этилишини таъминлаш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга қаратилган эди.
Ёнилғи қуйиш шохобчаси фаолиятини ўрганиш жараёнида ифлослантирувчи моддалар миқдори юқорилиги сабабли атмосферага энг зарарли ҳисобланган АИ-80 маркали бензинни сотиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Инспекторлар масъулларга амалдаги қонунчилик талабларини батафсил тушунтириб, экологик меъёрларга қатъий риоя қилиш, зарарли чиқиндиларни камайтириш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш зарурлигини таъкидладилар.
Текширув натижаларига кўра, шохобча раҳбарияти АИ-80 бензинини сотишга йўл қўймаслик бўйича ёзма мажбурият олди.
Ўтган йил охирида "Ўзенергоинспексия" инспекторлари АИ-80 бензинини сотиш тақиқланганидан кейин ҳам рейдлар ўтказган эди. Бир ҳафта ичида улар 23 та номувофиқлик ва 300 минг литрдан ортиқ давлат стандартларига жавоб бермайдиган ёқилғини аниқлашга муваффақ бўлишди.

Изоҳлар мавжуд емас