Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Эрон Ислом Республикаси минтақа ва дунёда тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлаш бўйича ўз принципиал ёндашувини яна бир бор таъкидлади. Эроннинг Ўзбекистондаги элчихонаси Batafsil.uz мухбирига хабар беришича, ҳарбий тўқнашувларни зудлик билан тўхтатиш ҳамда барқарор ўт очишни тўхтатиш режимини ўрнатиш айни дамдаги энг муҳим устувор вазифадир.
Эрон ташқи аралашувлар ва куч ишлатишга асосланган сиёсат ўз самарадорлигини йўқотганини қайд этган. Тарихий тажриба фақат ҳарбий куч ва сиёсий босимга таяниш барқарорликни таъминламаслигини, аксинча, ишончсизликни чуқурлаштириб, вазиятни мураккаблаштиришини кўрсатмоқда. Хусусан, АҚШнинг босим ўтказиш ва низо чиқаришга асосланган ёндашуви инқирозларни ҳал қилмагани, балки беқарорликни оширгани таъкидланган.
Тўқнашувларни тўхтатиш мақсадида Эрон аниқ муддатлар белгиланган кўп бандли режани тақдим этган. Қарши томондан олинган жавоб ҳозирда чуқур ўрганилмоқда ва таҳлил якунлангач, якуний позиция эълон қилинади. Эроннинг фикрича, минтақавий хавфсизлик фақат минтақа давлатларининг ўзаро ҳамкорлиги ва ташқи аралашувларсиз таъминланиши мумкин.
Инқирозларни ҳал этиш мулоқот, ўзаро ҳурмат ва умумий манфаатларни тушуниш асосида амалга оширилиши шарт. Минтақа давлатлари тинчликни таъминлашда тўғридан-тўғри масъулиятни ўз зиммаларига олишлари зарур.
Пресс-релизда сионистик режимнинг тажовузкор ҳаракатлари минтақавий инқирозларнинг асосий омили сифатида қайд этилган. Эрон Фаластин ва Ливан халқларини ҳимоя қилиш, тинч аҳоли ўлимини тўхтатиш ва инсонпарварлик ёрдамларини тўсиқсиз етказиш учун халқаро ҳамжамиятни жиддий чоралар кўришга чақирган.
Шунингдек, БМТ каби халқаро ташкилотлар кескинликнинг олдини олишда янада фаолроқ ва масъулиятлироқ роль ўйнаши лозимлиги таъкидланган. Иккиюзламачи ёндашувлар зўравонлик циклларининг кенгайишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирилган. Эрон ўзининг фаол дипломатия ва конструктив ҳамкорликка содиқ эканини яна бир бор тасдиқлаган.
Бугун АҚШ маъмурияти Эронга қарши олиб борилган "Эпик ғазаб" (Epic Fury) кенг кўламли ҳарбий кампанияси расман якунланганини ва Ормуз бўғозидаги "Лойиҳа эркинлик" (Project Freedom) миссияси вақтинча тўхтатилганини эълон қилганди. Вашингтон бу қарорни белгиланган ҳарбий мақсадларга эришилгани ва дипломатик музокаралардаги ижобий ўзгаришлар билан изоҳламоқда.

Изоҳлар мавжуд емас