Загрузка
Загрузка
Президент келгуси ўн йилликни миллий юксалиш даври деб эълон қилди
Жамият

Президент келгуси ўн йилликни миллий юксалиш даври деб эълон қилди

9
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида Ватан тараққиёти янги босқичига қадам қўяётганини таъкидлаб, келгуси ўн йиллик миллий юксалиш даври бўлишини билдирди. Давлат раҳбари келгуси йилларда инсон қадрини янада юксалтиришга қаратилган 7 та миллий дастур амалга оширилишини маълум қилди. 

Унга мувофиқ, биринчи дастур таълим ва касбий кўникмаларни мамлакат тараққиётининг асосий капиталига айлантиришга қаратилган. 6 ёшли болаларни тайёрлов гуруҳларига қамраб олиш қисқа муддатда 100 фоизга етказилади, барча мактаблар халқаро баҳолаш дастурлари билан қамраб олинади. Техникумларда халқаро таълим стандартлари жорий этилиб, ёшларни юқори даромадли касбларга ўқитиш қамрови 1 миллион нафарга етказилади. Камида 10 та университетни дунёнинг ТОП-1000 талигига киритиш мақсад қилинган. 

Иккинчи миллий дастур аҳоли саломатлиги ва умр кўриш давомийлигини оширишга йўналтирилади. Келгуси беш йилда соғлиқни сақлашга давлат харажатлари ЯИМга нисбатан 5 фоизга етказилади. Профилактикага асосланган тиббиёт моделига ўтилади, давлат тиббий суғуртаси барча хонадонларни қамраб олади. Шунингдек, ихтисослашган тиббиётда рақобатни кучайтириш учун дунёнинг камида 5 та нуфузли клиникаси Ўзбекистонга жалб этилади. 

Учинчи дастур иқтисодиётни юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказишни назарда тутади. Бунинг учун келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, 2030 йилгача ЯИМни 300 миллиард долларга етказиш ва саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш режалаштирилган. Шунингдек, стартаплар, венчур молиялаштириш ва сунъий интеллектни ривожлантириш устувор йўналиш бўлади. 

Тўртинчи миллий дастур сув ва табиатга муносабатни ўзгартиришга қаратилган. Келгуси беш йилда экин майдонларини сув тежовчи технологиялар билан 100 фоиз қамраб олиш, туман ва шаҳар марказларида яшил ҳудудлар улушини 30 фоизга етказиш режалаштирилган. 

Бешинчи дастур суд мустақиллиги ва қонун устуворлигини кучайтиришни кўзда тутади. Ҳуқуқий тарбия мактабдан бошлаб йўлга қўйилади, фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатлари кучайтирилади. Кибержиноятчилик, гиёҳвандлик, одам савдоси, яширин иқтисодиёт ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш янада кучайтирилади. 

Олтинчи миллий дастур маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга йўналтирилади. Бунда туман бюджети, инвестиция дастурлари ва инфратузилма лойиҳалари маҳалла эҳтиёжлари асосида шакллантирилади. 

Еттинчи дастур эса Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик, бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик диёри сифатидаги нуфузини оширишга қаратилган. Президент Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва стратегик шерикликни ривожлантириш, шунингдек, дунёнинг турли минтақалари билан ҳамкорликни кенгайтириш давом эттирилишини таъкидлаган. 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни халқаро дипломатиянинг муҳим марказларидан бирига айлантириш учун кўп қиррали, вазмин ва мувозанатли ташқи сиёсат давом эттирилишини билдиган. Мамлакат 2027–2029 йилларда биринчи марта Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилиши ҳам маълум қилинган. 

Президент нутқи якунида халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашса, эришиб бўлмайдиган марра йўқлигини таъкидлаган. 

"Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб қилса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз!" — деган давлат раҳбари.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...