Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Истеъмолчиларнинг аксарияти бозорда Abibas поябзали, Panasanik техникаси ва Aybon gold томонидан ишлаб чиқарилган шоколадга дуч келган бўлса, ажаб эмас. Ўтган йили Ўзбекистонда қалбаки дори-дармонлар ва биологик фаол қўшимчаларнинг 2 та ноқонуний ишлаб чиқарилиши аниқланиб, 2021 йилнинг биринчи чорагида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан қарийб 190 минг дона паст сифатли дори воситалари мусодара қилинган.
Агар истеъмолчи қалбаки маиший техника ёки кийим-кечак сотиб олишда нафақат пулини йўқотади, балким паст сифатли дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиши натижасида ўз соғлиғини ҳам хавф остига қўяди. Қалбаки маҳсулот истеъмолчига зарар етказади, ҳалол ишлаб чиқарувчилардан бозорнинг маълум улушини олиб қўяди ва давлат бюджетига зиён етказади. Бу вазиятни ўзгартириш учун Ўзбекистонда товарларни рақамли маркировкалаш жараёни бошланди.
Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликлар, 1 апрелдан бошлаб эса пиво мажбурий маркировка қилинмоқда. Бу вақт мобайнида 350 миллионга яқин ноёб кодлар чиқарилди. Бу жараёнга айланманинг қарийб 14 минг иштирокчиси, жумладан ишлаб чиқарувчилар, импортчилар, улгуржи базалар, умумий овқатланиш ва чакана савдо шаҳобчалари жалб этилган.
Ёзнинг бошида лойиҳанинг янги босқичи – дори-дармонларни маркировкалаш йўлга қўйилди ва яқин келажакда яхна ичимликлар ва маиший техника воситаларини ишлаб чиқариш ва импорт қилишда ушбу жараённи йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Batafsil.uz. мухбирининг бу янгиликлар бизнесга қанчалик қимматга тушиши, рақамли маркировкани қалбакилаштириш мумкинми ва дўконларда контрабанда моллари аниқланганда ўзбекистонликларга пул тўланадими, деган саволларига "Turon" CRPT (Илғор технологияларни ишлаб чиқиш маркази) Бош директори Анатолий Бачикалов жавоб қайтарди.
- Ҳозирги кунда рақамли маркировка тизимини жорий қилиш қанчалик муҳим? Нима учун дастлабки лойиҳалар учун айнан шу маҳсулот тоифалари танланди?
- Рақамли маркировка бутун дунёда тренд бўлиб бормоқда. Европа ва АҚШда бутун фармацевтика саноати аллақачон маркировкага ўтиб бўлган. Собиқ иттифоқ давлатларидан бу йўналишда илк қадам ташлаган мамлакат Россия эди. Яқинда Ўзбекистон ҳам бунга ўтди. Бу мода эмас, балки заруратдир. Ахир, маркировка биринчи навбатда, мамлакатни контрафакт товарлардан холи қилади. Тартибга солинмаган бозорда қалбаки маҳсулотлар тез пайдо бўлади ва тарқалади, бундан нафақат истеъмолчилар, балки маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва давлат азият чекади.
Ўзбекистонда рақамли маркировкани жорий этишга тайёргарлик ишлари 2019 йилда бошланган. Бу вақт мобайнида кўплаб тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Ўша пайтнинг ўзида тамаки ва алкоголь маҳсулотларини маркировкалаш билан боғлиқ дастлабки лойиҳалар ишга туширилди. Ўтган йилнинг охирида Давлат солиқ қўмитаси билан давлат-хусусий шерикчилик шартномаси имзоланди.
Ҳар бир давлат ўз йўлини танлайди. Ўзбекистонда биз акциз остидаги товарлар - тамаки, алкоголь, пивони маркировкалашдан бошлашни таклиф қилдик. Бундан ташқари, ахборот технологиялари ва бизнес-жараёнлари нуқтаи назаридан республика тамаки ишлаб чиқариш саноати жуда яхши жиҳозланган. Бу маркировкани тезда ишга туширишга ёрдам берди. Давлатнинг кейинги вазифаси - ижтимоий муҳим саналган маҳсулотлар, яъни дори-дармонлар, яхна ичимликларни маркировкалаш бўлди. Бундан кўзланган мақсад - инсонларни шубҳали таблеткалардан ҳимоя қилиш ва сифатли ичимликлар билан таъминлаш эди.
- Маркировкалаш жараёни бошидан охиригача қандай кечади?
- Маълум бир маҳсулот партиясини чиқаришдан олдин ишлаб чиқарувчи ахборот тизими орқали ноёб кодларга буюртма беради. Улар махсус принтер орқали бевосита ишлаб чиқариш линиясида ҳар-бир товар қадоғига ёки босмахонада маҳсулот этикеткасига туширилади.
Кейин эса ишлаб чиқарилган партияси улгуржи бўғинга ўтади, у ердан эса чакана савдога. Чакана бизнес товарни истеъмолчиларга сотиб, маҳсулотни онлайн-касса орқали муомаладан чиқаради. Бу жараён маҳсулотни маркировкалаш ва кузатиш Миллий тизимида қайд этиб борилади.
– Ушбу рақамли белгиларни қалбакилаштириш мумкинми?
- Бир маҳсулотдан кодни кўчириб, бошқасига ўтказиш мумкин. Бироқ, юқорида таъкидлаганимдек, барча кодлар ноёбдир. Асл код ишлаб чиқаришда ёзилади ва бу барчага маълум.
- Рақамли маркировкадан истеъмолчилар, ишлаб чиқарувчилар ва давлат қандай фойда кўради?
– Юқорида таъкидлаганимдек, булар ноқонуний, қалбаки маҳсулотлардан азият чекадиган тоифаларга киради. Истеъмолчига паст сифатли маҳсулотлар таклиф этилади. Ҳалол ишлаб чиқарувчилар турли ишланмалар ва технологияларга инвестиция киритишсада, истеъмолчилари ва даромадини йўқотади. Давлат ҳам солиқларнинг маълум қисмидан маҳрум бўлади. Рақамли маркировка эса барчанинг манфаатини ҳимоя қиладиган жараёндир.
Истеъмолчи товар сотиб олишдан олдин махсус дастур ёрдамида ундаги DataMatrix (икки ўлчовли матрицали штрихкод – таҳрир.)ни сканерлаши мумкин бўлади ва маҳсулотнинг қалбаки эмаслиги, қонуний маҳсулотни сотиб олаётганига ишонч ҳосил қилади. Кодни ўқиб чиқиб, дастур маҳсулотнинг амал қилиш муддати ва истеъмол хусусиятлари, ишлаб чиқарувчи, товар маркаси ва сифат сертификати ҳақида маълумот беради. Маҳсулотдаги рақамли код қонунийлик ва сифатни кафолатлайди, соғлиқ ва ҳамённи ҳимоя қилади.
Менимча, кўп истеъмолчилар мана бу вазиятга дуч келгандир: ўз фаолиятининг бошида компания юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаради ёки юқори сифатли хизматларни тақдим қилади, лекин кейинчалик сифат ёмонлашади. Маркировканинг ахборот тизими бир неча манбалардан келадиган турли маълумотларни ўз ичига олади. Мазкур маълумотлар савдо номининг рўйхатга олингани ёки йўқлиги, сифат сертификати бор ёки йўқлигини акс этади. Барча маълумотлар ишлаб чиқарувчи томонидан электрон имзо билан тасдиқланган бўлиши керак. Қонуний муҳим ҳужжатни имзолаш пайтида истеъмолчи барча хавф ва масъулиятларни ҳис қилиб туради. Бу эса, биринчидан - маҳсулот сифатини яхшилаш, иккинчидан мижоз учун курашиш имконияти тақдим қилади.
Маркировка жараёни ишлаб чиқарувчиларни бир хил шароитга қўяди. Ҳамма нарса шаффоф ва рақобатбардош бўлади. Яширин бозорнинг четга чиқиши корхона даромадларининг ошиши учун катта имкониятлар яратади. Бундан ташқари, у ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг яхши воситаси ҳамдир. Бу тизим ёрдамида ишлаб чиқарувчи қайси омборларда ва дўконларда ўз маҳсулотларининг қандай захиралари мавжудлигини, қанча сотилгани, яна қанча ишлаб чиқариш кераклигини кўриши мумкин.
Тизимнинг давлат учун асосий фойдаси шуки, солиқлар ва божхона тўловлари ўз вақтида ва ошкора тўланади, ишлаб чиқаришни кенгайтириш натижасида бюджетга тушумлар ошади. Бундан ташқари, маркировка рақамли иқтисодиётга олиб борувчи йўлдир. Ахборот тизими ёрдамида назорат идоралари қайси компания қанча маҳсулот ишлаб чиқаргани, мамлакатга қайси мавсумда қанча товар импорт қилинаётгани, товарлар ҳаракати жараёни қандай кечаётгани, қанча солиқ тўланганини кузатиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, бу солиқ идоралари томонидан ҳалол ишлаб чиқарувчиларни текширишни камайтиришга ёрдам беради. Чунки барча маълумотлар кундек равшан бўлади.
Шунингдек, қачонки бозор контрафактдан холи этилса, муаллифлик ҳуқуқларига риоя этилади, айни пайтда тартибга солинмаган бозорга киришга чўчиётган машҳур брендлар кириб келади.
- Ишлаб чиқарувчилар лойиҳани амалга ошириш учун қўшимча ускуналар сотиб олиши керакми? Улар буни амалга оширишни истамаса, оқибатлари қандай бўлади?
- Маркировка усулларидан бири - ишлаб чиқариш линияларини махсус принтерлар билан жиҳозлашни назарда тутади. Ўзбекистон тамаки саноати бундай ускуналарни аллақачон ўрнатиб бўлган. Ҳа, баъзи корхоналар ўз қувватларини янгилашлари керак бўлади, аммо буларнинг барчаси тезда ўзида оқлайди. Айримлар ўз ишлаб чиқариш воситалари янгиламасдан, босмахоналарга тайёр этикеткаларга буюртма беришмоқда. Эҳтимол, ишлаб чиқарувчиларга қўшимча қулайликлар яратиш учун маркированинг бошқа усуллари ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Умуман олганда, Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари катта харажатлар қилмаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда. Жумладан, дастлабки лойиҳалар доирасида фармацевтика маҳсулотлари, сув ва ичимликлар, маиший техника ишлаб чиқариш линияларини маркировкалаш CRPT “Turon” ҳисобидан бажарилади. Буларнинг барчаси ҳукумат қарорида ўз аксини топган.
Товар сотиш шаҳобчаларига келсак, қонунчиликка кўра, маркировали маҳсулотларни сотадиганларнинг барчаси товарни онлайн-касса орқали амалга ошириши керак. Акс ҳолда, улар қонунни бузган ҳисобланади ва давлат санкцияларни қўллайди.
Бироқ, бундай жиҳати бор: фармацевтика тармоғи истеъмолчилари орасида шундай тиббиёт муассасалари мавжудки, улар учун дори-дармон ва тиббий жиҳозларни давлат сотиб олади. Россияда барча шифохоналар дори-дармонларни муомаладан чиқарадиган махсус ускуналар билан бепул жиҳозланган. Биринчидан, биз юқори сифатли дори сотиб олинганини кўришимиз мумкин. Иккинчидан, беморнинг электрон картаси орқали биз товарлар ҳаракати занжири маълум бир истеъмолчига келиб тўхтаганини, бюджет пулини нақдлаштириш учун маҳсулот дорихоналарда сотилмаганини кузатишимиз мумкин. Ўзбекистон ҳам худди шундай бўлиши эҳтимолдан холи емас.
- Кассадан айланиб ўтиб сотиш масаласи қандай ҳал этилади ва назорат қилинади? Ахир, кўплаб шаҳобчалар ҳали жиҳозланмаган ёки кассадан фойдаланишни истамайди.
– Бу нафақат назорат идораси, балки истеъмолчини ҳам қизиқтираётган савол. Чекни сўраш ёки сўрамаслик айнан истеъмолчига боғлиқ. Бу борада истеъмолчининг менталитетини, маданиятини ўзгартириш керак. Шуни тушуниш керакки, чексиз маҳсулотни қайтариш ёки алмаштириш, унинг сифатига эътироз билдириб бўлмайди. Биз ўзимиз ҳақида ташвишланмаймиз: бировни кечирамиз ва оқибатини ўйламаймиз.
Бундан ташқари, истеъмолчи бир нарсани тушуниши керак: чек олиб, у давлатга ижтимоий вазифани бажаришга ёрдам беради. Нима учун айрим тармоқ савдо вакиллари касса аппаратларидан фойдаланмайдилар? Албатта солиқ тушумларини яшириш учун. Солиқ қанчалик кўп тушса, одамларга шунчалик яхши бўлади.
Европа мамлакатларида чек албатта берилади. Бу одат шу қадар кенг тарқалганки, маданиятнинг бир қисмига айланган. Россияда, ҳатто онлайн харид қилсангиз, электрон почтага чек юборилади. Мен Қозоғистонда онлайн касса лойиҳаси устида иш олиб борганман. Ўшанда мамлакат аҳолисининг менталитетини ўзгартириш қийин бўлади, деб ўйлаганман. Аммо 7-8 йил ўтгач, кўраяпмизки, бирор киши кассадан чек олмаса, у тўхтатилади.
Ўзбекистонда чек фақат йирик дўконларда берилади. Кичик дўконлар эса кассадан айланиб ўтган ҳолда ишлайди. Бироқ, ишончим комилки, бу ҳам вақти келиб жойига тушади. ДСҚ рағбатлантириш мақсадида машиналарни ўйинга қўймоқда. Интернетнинг ўзбек сегментида истеъмолчилар жамияти борлигини ҳам биламан. Аҳоли товарлар сифати ҳақида жуда кўп қайғураётганини кўриш мумкин. Бу жуда яхши ҳолат.
- Маркировкани жорий қилиш товарларнинг нархига қандай таъсир этади? Барча харажатларни яна аҳоли тўлайдими?
– Бу ҳақиқатан ҳам жуда кўп бериладиган ва ўринли савол. Бу саволни ҳамма нарса қиммат бўлишидан ташвишланаётган ишлаб чиқарувчилар ҳам беради. Бироқ, бу ишни тезроқ қилишни талаб этаётганлар йўқ эмас. Улар принтерлар ва фойдаланиш харажатлари учун бир марталик тўловни (дарвоқе, битта рақамли коднинг нархи 68 сўм холос) амалга оширишларини тушунишсада, фойда кўришларини ҳам аниқ билишади.
Россия тажрибасидан келиб чиққан ҳолда шуни айтишим мумкинки, ҳалол ишлаб чиқарувчилар нархнинг ошишидан қўрқишмайди, чугки уларнинг маҳсулотлари янада арзонлашади. Яширин ишлаб чиқарувчиларни четлаштириш ҳисобидан, улар ўз ҳажмини ошириш имконига эга бўлади. Маҳсулотнинг таннархи ўзгармаган ҳолда сифат кўрсаткичлари ва даромад ошиши шубҳасиздир. Ҳалол рақобат муҳити юзага келса, адолатли нарх келиб чиқади.
– Бугунги кунда Ўзбекистонда қалбаки маҳсулотларга қарши қандай кураш олиб борилаяпти? Рақамли маркировкалаш бозорни контрафакт товарлардан бутунлай халос қила оладими?
– Албатта, бозорга киришдан олдин айрим тоифадани қалбаки товарлар бўйича тадқиқот буюрдик. Бу таҳлилни давлатга ҳам кўрсатдик. Қалбаки маҳсулот жуда кўп, хусусан, кўплаб маиший техника номаълум йўллар орқали олиб кирилмоқда.
Бироқ, аниқ ҳажмлар ҳақида гапириш ҳали эрта. Бу иш натижасини кўриш учун бозорнинг бутунлай тозаланишини кутиш керак. Россия мисолида шуни айтишим мумкинки, тамаки маҳсулотларини мажбурий маркировкалаш бошланган пайтда тамаки ишлаб чиқарадиган кўплаб ноқонуний заводлар борлиги аниқланган.
Яширин бозорни тугатиш масаласи бир неча томонлар – истеъмолчилар, чакана савдо вакиллари ва давлатнинг назоратчи сифатидаги позициясига боғлиқ бўлади. Истеъмолчилар маҳсулотларни сканерлаши, уларнинг сифатини текширишларига ишончимиз комил. Тизимнинг ноёблиги шундаки, бундай текширув натижасида у ваколатли давлат идорага автоматик равишда "Бу ерда қалбаки маҳсулот бор", деган хабар беради. Савдо шаҳобчасида аниқланган қалбаки маҳсулот изи улгуржи бўғинга, кейин эса ишлаб чиқарувчигача олиб боради. Бунинг натижасида албатта қонунбузарликка йўл қўйганларга нисбатан санкциялар қўлланилади.
Ҳозирда қонунчиликни ўзгартириш борасида катта ишлар олиб борилмоқда. Биз нарсани тан олиш керак - барча давлат идоралари бундан жуда манфаатдор. Ўз навбатида таклифларимизни билдирдик. Жумладан, қалбаки товар сотадиганлар учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Маҳсулотни қабул қилишда сотувчи маҳсулотнинг қонунийлиги текшириш учун белгиларни сканерлаши, уни сотиш ёки сотмаслигини ҳал қилиши мумкин. "Тадбиркор ҳалоллиги" ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, Европа ва АҚШда товарларни маркировкасиз сотганлиги учун сотувчи 10 йилга савдо қилиш ҳуқуқини йўқотиши мумкин. Агар қонунбузилиш ҳолати озиқ-овқат билан боғлиқ бўлса, у ҳаттоки жиноий жавобгарликка тортилади.
- Йил бошидан тамаки ва алкоголь маҳсулотлари мажбурий маркировка қилинмоқда, 1 июндан бошлаб дори воситалари учун ҳам дастлабки лойиҳа ишга туширилди. Натижалар қандай?
- Аниқ рақамлар ҳақида гапиришга ҳали эрта. Ўйлайманки, келаси йилнинг январь ойида аниқ бир нарса айтиш мумкин бўлади. Гап шундаки, айни пайтда бозорда маркировка қилинган ва қилинмаган маҳсулотлар мавжуд, омборхоналарда ҳам ҳалигача маркировкасиз маҳсулотлар турибди. Тўлиқ статистикага эга бўлиш учун бозор маркировка қилинмаган товарлардан тўлиқ тозаланиши зарур. Шундан сўнг таҳлил қилиш мумкин бўлади.
Ишлаб чиқариш нуқтаи назаридан дастлабки натижаларга кўра, тамаки, спиртли ичимликлар, пиво ишлаб чиқариш ўтган йилга нисбатан ўсиб бораётганини кўрсатмоқда. Россияликлар ҳам бу лойиҳага шубҳа билан қарашганди, лекин у жуда яхши натижаларни кўрсатмоқда.
- CRPT “Turon”ҳақида гапириб берсангиз. Нима учун маркировкалаш лойиҳаси айнан сизга топширилди? Бу учун қанча пул сарфланади?
– CRPT “Turon” Россия илғор технологияларни ривожлантириш марказининг 100 фоизлик шўъба корхонаси бўлиб, у USM холдинги таркибига киради. Барча дастлабки лойиҳалар мутлақо бепул амалга оширилади ва холдинг томонидан молиялаштирилади. Бу ишга йирик инвестициялар киритилди.
- ASL BELGISI дастури нима? Россиядаги шунга ўхшаш илова қалбаки маҳсулот ҳақидаги хабар учун пул мукофоти берилади. Бизда ҳам шунга ўхшаш бирор нарса бўладими?
- Илова махсус Ўзбекистон учун ишлаб чиқилган бўлиб, ўзбек тилига таржима қилинган. Унинг ёрдамида маркировка қилинган товарларни сканерлаш ва тегишли маълумотни билиб олиш мумкин. Қалбаки товар ҳақида хабар юбориш функцияси тез орада тайёр бўлади. Юборилган хабар учун истеъмолчини рағбатлантириш масаласини ҳам кўриб чиқаяпмиз. Ҳозирча аниқ бир тўхтамга келганимиз йўқ. Мукофотми, кэшбекми, бирор бошқа нарсами - албатта жорий қиламиз.
- Келажакдаги режаларингиз қандай?
- Поябзал ва енгил саноат Бирлашмалари ўз маҳсулотларини маркировка қилиш илтимоси билан чиқди. Эҳтимол, режалаштирилган 5 маҳсулот гуруҳларини маркировкалаш жараёни якунлагандан сўнг, биз поябзал ва кийим билан шуғулланармиз.
Изоҳлар мавжуд емас