Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон маҳаллаларида маиший коррупция ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Жойлардаги мутасаддилар инфратузилмага уланиш, лицензия олиш, имтиёзли кредит бериш, ишга қабул қилиш ва малака ошириш учун пул талаб қилишмоқда. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида шу ҳақда сўз борган. Шу билан бирга, амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай, соғлиқни сақлаш, бандлик ва банк фаолияти соҳаларида коррупциянинг энг юқори даражаси сақланиб қолаётганлиги таъкидланган. Ўтган йили соғлиқни сақлаш соҳасида 527 та, бандлик соҳасида 447 та, банк соҳасида 434 та коррупция ҳолати қайд этилган.
Сенаторлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг коррупцияга оид жиноятларни аниқлаш ва уларга чек қўйишга алоҳида эътибор қаратаётганини, бироқ уларнинг олдини олишга етарлича эътибор бермаётганини таъкидлашган. Давлат идораларида коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс-назорат) бўлинмалари фаолияти самарадорлиги пастлигича қолмоқда.
Шунингдек, бюджетдан энг кўп маблағ оладиган вазирликларда тизимли равишда коррупция омиллари таҳлил қилинмаётгани таъкидланган. Қурилишга рухсат бериш ва биноларни фойдаланишга топширишда бюрократия ва қонунбузилиш ҳолатлари учраётганига алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, сенаторлар томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хорижий тажрибани ўрганмагани ва соҳада янги ечимлар таклиф этмагани танқид қилинган.
Бу борадаги қонунчилик базасини такомиллаштириш, ҳудудларда коррупциянинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, давлат хизматларини кўрсатиш устидан назоратни кучайтириш зарурлиги белгиланган.
Муҳокама якунлари бўйича Сенат коррупция ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги устувор вазифаларни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилган.
Эслатиб ўтамизки, март ойи бошида бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш агентлигини пассивлиги ва ходимларини статистга айлантираётганини танқид остига олганди.
Изоҳлар мавжуд емас