Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2025 йил давомида ҳоким ёрдамчилари томонидан содир этилган жиноятлар юзасидан расмий маълумотларни эълон қилди. Олий суд тақдим этган рақамлар тизимда коррупция даражаси ҳамон юқорилигини кўрсатмоқда.
Ўтган йил давомида республика бўйича судлар томонидан жами 153 та жиноят иши кўриб чиқилган. Мазкур ишлар доирасида 252 нафар ҳоким ёрдамчиси коррупцияга оид жиноятлар содир этганликда айбдор деб топилиб, жиноий жавобгарликка тортилган.
Суд томонидан тайинланган 37 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 38 нафарига озодликни чеклаш, 160 нафарига эса ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қўлланилган.
12 нафарига жарима, яна 5 нафар шахсга бошқа турдаги жазо чоралари тайинланган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳар бир давлат органи ва ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирган. Шунингдек, агентлик келгусида ҳам ушбу йўналишда ташкилотларга услубий кўмак кўрсатишга тайёрлигини маълум қилган.
Ушбу расмий статистика Ғайрат Дўстов каби фаолларнинг "амалдорлар ва коррупция халқни қийнаяпти" деган эътирозларига билвосита асос бўлади. Дўстов ўз мурожаатида айнан коррупция ва монополия туфайли оддий халқнинг турмуш даражаси пасайиб бораётганини таъкидлаган эди.

Изоҳлар мавжуд емас