Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган "Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахсларни солиққа тортиш ва ҳисобини юритиш тизимини соддалаштириш тўғрисида"ги Президент қарори лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси якунланди. Ушбу ҳужжат сўнгги йиллардаги энг кўп кўрилган лойиҳалардан бирига айланиб, фуқаролардан 130 та таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди.
Лойиҳани ишлаб чиқишга соҳадаги солиқ тушумларининг пастлиги ва тизимнинг шаффоф эмаслиги асосий сабаб бўлган. Таҳлилларга кўра, 2024 йилда 2020 нафар хонанда топширган декларациялар асосида ҳар бир санъаткорга йилига ўртача бор-йўғи 544,5 минг сўмдан, 2025 йилда эса 305 нафар хонандага йилига ўртача 505,6 минг сўмдан даромад солиғи ҳисобланган.
Янги қарор лойиҳаси соҳада солиқ солишнинг мажбурийлиги ва адолатлилиги принципларини таъминлаш, шунингдек, ягона ва шаффоф рақамли ҳисоб тизимини жорий этишни кўзда тутади. Мазкур ҳужжат Иқтисодиёт ва молия, Маданият вазирликлари ҳамда Солиқ қўмитаси каби манфаатдор идоралар билан келишилган ҳолда тайёрланган.
Адлия вазирлиги муҳокамада билдирилган барча таклифлар атрофлича ўрганиб чиқилишини ва шу асосда такомиллаштирилган лойиҳа юқори турувчи идораларга киритилишини маълум қилди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб тўй ва концертларда хизмат кўрсатувчи ижрочилар учун "бир хизмат — бир тўлов" тамойили асосида янги солиқ тизими жорий этилиши кутилмоқда. Адлия вазирлиги томонидан муҳокамага қўйилган лойиҳага кўра, санъаткорлар даромад миқдоридан қатъи назар, ҳар бир чиқиш учун белгиланган миқдорда солиқ тўлаши шарт бўлишини хабар берган эдик. Маданият вазирлиги ҳам мазкур тартиб юзасидан ўз муносабатини билдириб, ҳужжатнинг айрим бандларини қайта кўриб чиқишни сўраган.

Изоҳлар мавжуд емас