Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда "халқ қаҳрамони" сифатида танилган Ғайрат Дўстов Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга кескин мурожаат билан чиқиб, мамлакатдаги энергетик муаммолар ва ваъда қилинган ислоҳотлар ижросини танқид қилди. Дўстовнинг таъкидлашича, 2026 йилнинг март ойи бошида ҳам газ қуйиш шохобчаларида (АГТКШ) узун навбатлар сақланиб қолмоқда. У вазирга ўтган йили берган ваъдасини, яъни соҳада ижобий ўзгариш бўлмаса, ариза ёзиб лавозимидан кетиши ҳақидаги сўзларини эслатган.
Мурожаатда 2026 йилнинг 6 март куни тунги соат 03:30 атрофида Тошкент шаҳридаги метан заправкалардаги вазият акс этган. Дўстов ҳайдовчилар тун ярмида соатлаб навбат кутишга мажбур бўлаётгани, бу эса кундалик тирикчиликка салбий таъсир қилаётганини айтган.
Унинг билдиришича, айниқса, киракашлик билан шуғулланувчи аҳоли қатлами газ танқислиги ёки бензин нархининг қимматлиги сабабли иқтисодий қийинчиликларга дуч келмоқда. Видеода у тунги навбатда ўз фарзандлари билан машинада кутаётганини ҳам кўрсатган.
Ғайрат Дўстов мамлакат ривожига тўсиқ бўлаётган асосий омилларни санаб ўтган. Бунга давлат бошқарувидаги коррупция, монополия ва непотизм (қариндош-уруғчилик) тизимли инқирозга сабаб қилиб кўрсатган.
Қонунлар фақат оддий халқ учун ишлаётгани, мансабдор шахслар эса жавобгарликдан четда қолаётгани танқид қилган. Энергетика вазирига агар ишни эплай олмаса, ўрнини билимли ва иқтидорли ёш кадрларга бўшатиб беришни маслаҳат берган.
Дўстов ўзига нисбатан қилинаётган "ватан хоини" ёки "провокатор" каби айбловларни рад этган. У ички ишлар ва прокуратура органлари раҳбарларига мурожаат қилиб, ўз хавфсизлигини таъминлашни сўраган.
Шунингдек, унга аввалроқ берилган 110 миллион сўмлик пул маблағига тегмаганини ва уни эгаларига (Абдураҳмон Ташанов ва Ильёс Сафаров) қайтариб беришини маълум қилган. Ушбу маблаг газ қуйиш шохобчаси ва Ўзбекистоннинг бутун энергетика секторини ғазаб билан танқид қилгани сабаб майда безориликда айбдор деб топилиб, янги йил арафасида 15 суткага қамоққа олингандан сўнг берилган.
Мурожаатчи Президентнинг сиёсатини қўллаб-қувватлашини, бироқ унинг атрофидаги айрим мансабдорлар давлат раҳбарига нотўғри маълумот бераётганини таъкидлаган. У халқни қонунларни ўрганишга ва маънавиятли бўлишга чақирган.

Изоҳлар мавжуд емас