Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг қарорига мувофиқ, пойтахтда реконструкция қилиниши зарур деб топилган жамоат транспорти бекатлари жойлашган 177 та ер майдони (ҳудуд) доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида шаҳар ҳокимлиги номига қайта расмийлаштирилади. Шунингдек, ушбу ҳудудлардаги мавжуд иншоотлар ҳам ҳокимлик мулкига ўтказилади.
Мазкур қарор умумий майдони 8 884 квадрат метр бўлган жами 212 та бекат мажмуасини қамраб олган бўлиб, айрим ҳудудларда бир нечта реконструкция қилинадиган объектлар мавжуд. Хатлов натижаларига кўра, энг кўп бекат Шайхонтоҳур тумани ҳиссасига тўғри келмоқда — бу ерда 35 та нуқта ҳокимлик балансига ўтади.
Шунингдек, Юнусобод туманида 26 та, Чилонзорда 24 та ва Мирзо Улуғбек туманида 22 та бекат ҳокимлик тасарруфига олиниши белгиланган. Реконструкция қилиниши режалаштирилган бу объектлар асосан шаҳарнинг йирик кўчалари ва аҳоли гавжум бўлган ҳудудларида жойлашган.
Ҳокимлик балансига ўтказилаётган марказий бекатларнинг айримлари қуйидагилар:
-
Чилонзор туманида: "Ипподром-2", "Шуҳрат" дўкони ва "Халқлар дўстлиги саройи" бекатлари;
-
Юнусобод туманида: "Юнусобод тумани ҳокимлиги", "Малика бозори", "Гидрометеомарказ" ва "Юнусобод бозори" бекатлари;
-
Яшнобод туманида: "Қўйлиқ-3" ва "Фарғона бозори" бекатлари.
Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг транспорт ва йўл инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев зиммасига юклатилган. Лойиҳа доирасида бекатлар замонавий талаблар асосида янгидан чирой очиши кутилмоқда.
Олдинроқ Тошкент шаҳрида жамоат транспорти кутиш жойларини жисмоний фаолият ҳудуди билан уйғунлаштирган биринчи бекат ишга туширилганди. Сергели туманидаги автомобиль бозори яқинида ўрнатилган ушбу ноодатий мажмуа йўловчиларга транспортни кутиш давомида спорт билан шуғулланиш имконини беради.

Изоҳлар мавжуд емас