Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Мана бир неча кундирки, Тошкент транспорт қоллапси қуршовида буғилиб қолмоқда. Бунинг сабаби шундаки, собиқ ТАПОиЧ яқинида уч даражали йўлнинг қурилиши тезлаштирилиб, бу ерда шаҳарнинг шарқий қисми учун иккита асосий йўл бирданига тўсиб қўйилган.
Пойтахт ҳокимияти учун асосийси – йўлни Наврўзга қадар топширишдир. Тошкентликлар байрамгача қандай қилиб ишга қатнашлари эса иккинчи даражали масала бўлиб қолмоқда. Кишиларнинг кайфияти асло ҳеч кимни қизиқтирмайди. Муҳими - яна бир мега, супер, ўта долзарб саналган янги объектни барпо қилиш. Лекин қурилишни шошилмасдан ва саводли қилиб, номига бўлса ҳам фуқаролар фикрини инобатга олиб амалга ошириш мумкинку!
Ойни этак билан ёпишга уриниш
Назаримизда, пойтахт ҳокимлиги “тескари бурилсанг - муаммо йўқ”, “кўзни уятчанлик билан ёпиб, бунинг менга даҳли йўқ” деган шиори остида яшаётганидек туюлади. Катта мажлисларда аҳоли манфаатлари ҳақида бонг урилаётган бир пайтда вазият тобора тушунарсиз бўлиб қолмоқда.
Аслида эса, аҳоли ва амалдорлар ўртасидаги ўзаро алоқа механизми катта узилишлар билан ишламоқда. Муаммога эътибор қаратиш ва унинг ҳал этилиши учун одамларни йўлларни тўсиб қўйишлари, мансабдор шахсларни ёқиб юборишлари ёки Президент портрети билан ўзбошимчаликлардан ҳимояланишгача олиб бориш шартмикан? Энг ёмони- айрим ҳолатларда маҳаллий ҳокимлик вакиллари бу ерда яшайдиган аҳолининг фикрини ҳисобга олмасдан, унга тескари равишда вазифани бажаришга интилишади. Бу орқали улар аҳолининг шундайа ҳам мураккаб ҳаётини осонлаштиришга эмас, балки мушкул қилишга эришишмоқда холос.
Атрофимизда фикрларимизни инобатга олиши лозим бўлган ҳокимлар ва депутатлар эмас, балки қаердандир келиб қолган қаҳри қаттиқ кишилар, саллани деса каллани олиб келадиганлар тўпланганга ўхшайди. Амалдорларимиз хуш кўрган усул - ақлли ишни ташкил қилишдан кўра, таъқиқлаш афзалдир.
Қурилиш барибир давом этаверади
ТАПОиЧ ёнида қурилаётган йўл қурилиши ушбу лойиҳага даҳлдор амалдорларнинг заифлигини намоён қилди.
Аввалига, бу ҳокимлик тарқатган хабарда ифода этилди. Узоқ вақт ўтмасдан ҳокимлик Махтумқули кўчасининг бир қисми 3-мартдан 13-мартгача "қурилишни жадаллаштириш учун" ёпилишини маълум қилди. Бу тезлаштириш кимга керак экан? Ўзбекистон Президенти маҳаллий ҳокимият идораларига объектларни бирон-бир сана арафасида топшириш амалиётига барҳам беришни буюрган эди. Аммо, эҳтимол кимдир илтифот кўрсатишни ёки медал ва янги унвон олишни истаётгандир. Улар учун қолганини сув босиб кетса ҳам майли.
Ачинарлиси шундаки, бундай шошма-шошарликда ишлар чала қилиниб, очилишдан кейин яна бир-икки ой давомида “ямоқ ямаш” билан машғул бўлишади. Бундан ҳам ёмони – Оқтепадаги йўлга ўхшаш вазият қайтарилмаса бўлгани. Унинг атрофидаги йўлларни тўрт йил давомида тартибга келтиришга уринишмоқда. Ҳаттоки бугунги кун ҳолатида ҳам айрим жойлардаги вазият устидан “маймунлар йиғлайди”.
Махтумқули кўчасининг бир қисми ёпилиши маҳаллалар ёнидан ўтган кичик кўчаларда катта тирбандликни келтириб чиқарди. Ёмон ва катта тирбандликка мослаштирилмаган йўллар ҳаддан ташқари кўп машиналарни сиғдира олмаслиги олдиндан маълум эди. Бироқ, бу нафақат маҳаллий аҳолига, балки "улкан мақсадлар" ҳақида ўйлаётган амалдорларга ҳам аён бўлганлиги сир эмас. Натижада, автобус ёки машрут таксиларини ҳисобга олмаган ҳолда кўплаб тошкентликларнинг ишга қатнаши учун сарфланадиган вақт камида бир соатга ошди. Меъёрдан бир неча баробар ортиқ йўловчиларни ичига олган автобусда саоатлаб ўтиришни бир тасаввур қилиб кўрингчи.
Шуниси қизиқки, ижтимоий тармоқлар орқали билдирилган ғазабли мулоҳазалар деярли шов-шувни келтириб чиқармади. Уч кун ўтгач, ҳокимлик янада кескин қадам ташлашга қарор қилди. Энди улар қурилаётган йўл яқинидаги Темур Малик кўчасининг ҳам бир қисмини 6-17 март кунлари ёпиб қўйишди. Аммо, бу борада ҳокимлик вакиллари "жадаллаштириш" сўзини "хавфсизликни таъминлаш"га ўзгартиришни холос.
Табиий бир савол туғилади - февраль ойининг ўрталарида "Ўзбекистон темир йўллари" йўлнинг ишга туширилиши 90%га тайёр эканлигини маълум қилган эди. Яъни, мазкур баёнотга кўра, асосий ишлар аллақачон бажарилган бўлиб, айрим майда ишлар қолган бўлиши лозим эди. Нима сабабдан бу учун Тошкентнинг бир қисмини транспорт инқирози комига тортиш лозим бўлди? Жавоб аниқ - ўз вақтида ҳисобот бериш учун!
Олдиндан ўйлаш керак
Биз ҳам аксарият пойтахт аҳолиси каби транспорт инфратузилмасини ривожлантириш зарурлигини инкор эмаймиз. Аммо тараққиёт халқдан ажралган ҳолда, яъни "ривожланиш учун" учун бўлмаслиги лозим. Бу фуқаролар учун қулайлик яратадиган механизмга айланиши керак. Акс ҳолда бундан нима наф?
Оддий бир мисол – ҳокимлик вакиллари қурилишни ўз вақтида тугата олмаётганликларини билсалар, уни ёпишга тайёр бўлишларига нима тўсқинлик қилди? Ҳеч бўлмаганда, аҳолини олдиндан, бир-икки ҳафта олдин ва ёпилгунга қадар бир неча соат олдин хабардор қилиш, ёрдамчи йўлларни асфальтлаштириш, машиналарни нотўғри жойлаштирилиши устидан назорат қилиш, йўл-транспорт назоратчилари сонини ошириш, автобуслар ва микроавтобусларни кўпайтиришнинг ўзи кифоя.
Юқорида айтилган йўлнинг қурилиши Тошкентнинг юзидаги яна бир "транспорт яраси"ни очиб берди. Гап 10 йилдан бери ҳал қилинмаётган ва ҳеч кимга керак бўлмаган Фарғона йўли кўчаси ҳақида кетмоқда. Пойтахт вилоятининг маъмурий маркази Нурафшон шаҳрини Тошкентнинг марказий қисми билан боғлайдиган ва пойтахтнинг асосий магистралларидан бири саналган йўл аллақачон даҳшатли аҳволга келиб қолган. Бу йўл нафақат узоқ вақтдан буён йўл чизиқларини кўрмаган, балки унда ҳосил бўлган каттаю-кичик чуқурликлар ямаган сари охирига етмайди.
ТАПОиЧдаги ҳозирги вазиятда айнан Фарғона йўли Оҳангарон магистралининг дублёри вазифасини бажариб келди. Бу эса илгаридан аниқ эди. Хўш, наҳотки бу трассани ҳеч бўлмаганда минимал талабларга мувофиқлаштириб, ундаги чуқурларни ямаш ва белгиларни чизишнинг иложи бўлмаса? Тўғри, 10 йил чидашган бўлса, яна чидашади. Натижада, бу ердаги ҳар кунлик тирбандликлар янада мураккаблашди.
Балким ўз машиналарини шундай йўлларда батамом ишдан чиқарган ҳайдовчилар ҳокимлик ёки судга жамоавий тарзда мурожаат қилиб, етказилган зарарни ундиришни талаб қилишлари лозимдир? Эҳтимол, шундагина кишиларни эшитиш лозимлигини бирор киши тушуниб етар.
Ботларга салом.
Таҳририятимиз ушбу мавзуга бир нечта мақолаларни бағишлаган эди. Уларнинг ижтимоий тармоқларда эълон қилинганидан сўнг, "буларнинг барчаси аҳоли фаровонлиги учун", "бунга тоқат қилиш керак" ва "ҳокимият қарорларига шубҳа қилиш нотўғридир", деб ёзадиган кўплаб "ғалати" аккаунтлар фаоллашди.
Албатта, ҳар ким ўз фикрига эга бўлишга ҳақлидир. Бироқ, биз "ғалати" аккаунт сифатида "фейк", яъни сохта ва вақтинчалик суратларни жойлаштирган аккаунтларни назарда тутдик.
Бизнинг фикримизча, ҳокимият идоралари сизни тинглашганда ва вазиятни юмшатиш учун қўлидан келганича ёрдам қилишганида тоқатли бўлиш лозимдир. Бироқ улар "чидайди, эриб кетмайди" деган йўсинда фикр юритиб, аҳолига очиқчасига тупуришганда, ҳар-бир киши ўзининг фуқаролик позициясини ҳимоя қилиш шарт.
Изоҳлар мавжуд емас