Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Умуртқа поғонаси синган йигитнинг ишига яқинда бир йил тўлади. 2023 йил 17 декабрда Дмитрий Саттаров итини сайр қилдириб юрганида, катта ёшли эркак томонидан калтакланганди, ўшанда унга умуртқа поғонанинг 2 даражали компрессион синиши ташҳиси қўйилган, йигит бошқа тан жароҳатлари ҳам олган. Аммо ногирон бўлган йигит унга ҳужум қилган Рахматовга енгил тан жароҳати етказганликда айбланмоқда. Катта ёшли эркак бордюрга йиқилиб, бурнини синдирган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамизки, Дмитрий Саттаровнинг бошидан кечирганлари, шу жумладан барча суд жараёнлари сайтимизда батафсил ёритилганди.
Саттаровлар оиласи ҳаётини тубдан ўзгартирган фожиали воқеанинг бир йиллиги арафасида унинг онаси Кристина Ўзбекистон президентига видеомурожаат ёзган. Аёл умидсизлик ҳолатига тушган, чунки ўтган йил давомида у нафақат ўғлининг касаллиги билан курашган (Дмитрий ётоққа михланган ва 3-гуруҳ ногиронига айланган), балки унинг сўзларига кўра, "Ўзбекистон ҳуқуқий тизимидаги тўлиқ қонунсизлик ва ўзбошимчаликка" дуч келган.
Гап шундаки, Дмитрий 109-модданинг 1-қисми ("Енгил тан жароҳати етказиш") бўйича айбдор деб топилмоқда. Юридик “талқин”га кўра, Дмитрийнинг умуртқа поғонасини синдирган Рахматов жабрланган бўлиб чиқмоқда. Рахматов бордюрга йиқилиб, бурнини синдирган ва бу ҳақда гувоҳлик кўрсатмалари мавжуд. Шу билан бирга, ўша куни содир бўлган барча тафсилотларни аниқлик билан тасвирлайдиган, йигитнинг айбсизлиги ҳақида далолат берувчи асосий гувоҳларнинг кўрсатмалари суд ва прокуратура томонидан эътиборсиз қолдирилиб, асоссиз деб ҳисобланмоқда.
"Шу билан бирга, судлар <...> ўғлимга қарши айбловларни фақат Рахматовнинг сўзлари асосида тузишмоқда, қўйилган айбловлар на гувоҳлик, на бошқа далиллар билан тасдиқланади. Бундан ташқари, Рахматов ўзининг жиноий ҳаракатларини оқлаш учун ўша куннинг барча фактларини атайлаб бузиб, ўғлимни айбдор қилиб, ўз сўзларига ҳеч қандай далил келтиргани йўқ", - деди Кристина Саттарова.
Бундан ташқари, Рахматовнинг тан жароҳати бўйича текширув ўтказган экспертнинг ҳаракатлари ҳам жиддий шубҳа уйғотмоқда. Унинг хулосасига кўра, ўз бўйининг баландлигидан йиқилиб, бюрдюрга урилиш орқали бурунни синдириш мумкин эмас экан. Экспертнинг ўзи бу хулосага ҳеч қандай илмий асос келтирмаган, чунки берилган хулоса фақатгина унинг шахсий фикрига асосланади. Шу билан бирга, Дмитрий адвокати Виктория Шмарковская бунинг аксини исботлаган ва илмий манбалардан далиллар келтирган.
“Адвокатларимиз Рахматовга нисбатан қайта комиссия экспертизасини ўтказиш, шунингдек, ўша кун воқеаларини қайта тиклаш учун воқеа жойига чиқиш бўйича қўшимча тажриба ўтказиш тўғрисида бир неча бор илтимоснома киритишди. Аммо суд ушбу илтимосномаларни қондирмади. Рахматовнинг айбини юмшатиш учун иш суд томонидан атайлаб нотўғри талқин қилинмоқда деган таассурот юзага келмоқда", - деди жабрланувчининг онаси.
Сон-саноқсиз стресслар боис, Кристина қандли диабетга дучор бўлган ва оқибатда унга 2 гуруҳ ногиронлиги берилган. Аёлнинг сўзларига кўра, у адолат ва ёрдамга эришиш учун касалхоналар, суд жараёнлари ва турли идоралар ўртасида бўлинишга мажбур.
Аммо она учун энг оғриқли масала шундаки, суд шафқатсиз калтакланган ва ногирон бўлиб қолган йигитнинг тақдирини ҳал қилмоқда ва уни асоссиз айбдор деб топмоқда. Суд ва прокуратура даражасида адолат топишга уринишларидан ҳафсаласи пир бўлган Кристина Саттарова Ўзбекистон президентидан бу ишни шахсий назорат остига олишни ва адолатни тиклашга ёрдам беришни сўрамоқда.
Изоҳлар мавжуд емас