Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, 31 август куни Янги Тошкент ҳудудида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбири олдиндан белгиланган иштирокчилар таркиби учун мўлжалланган. Унга кириш фақат таклифнома асосида амалга оширилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Тадбир Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган умумий байрам дастурининг бир қисми ҳисобланади. Унда, хусусан, пойтахт ҳаётини узлуксиз таъминлаб келаётган шаҳар хизматлари ходимлари иштирок этади. Улар орасида ободонлаштириш, сув, электр ва газ таъминоти, коммунал ҳамда бошқа соҳаларда меҳнат қилаётган ходимлар бор.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган аҳолига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Айни вақтда пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун байрам дастурининг очиқ қисми давом этмоқда. Тошкентнинг турли туманларидаги истироҳат боғлари, сайр ҳудудлари ва жамоат жойларида концертлар, халқ сайиллари, маданий-маърифий ҳамда кўнгилочар тадбирлар ўтказилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас