Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ҳукуматнинг янги қарорига кўра, чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат (CEFR) беришнинг аниқ тартиби белгиланди. Бу тизим "Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги" томонидан бошқарилади.
Ўзбек тили бўйича имтиҳонлар икки босқичда йўлга қўйилади.
2026 йил 1 мартдан базавий ва ўрта даражалар — A1, A2 ва B1 бўйича имтиҳонлар бошланади.
2027 йил 1 мартдан эса юқори даражалар — B2, C1 ва C2 бўйича имтиҳонлар ва сертификат бериш тизими тўлиқ ишга тушади.
Энг муҳим янгиликлардан бири Ўзбекистон фуқаролигини олиш тартиби билан боғлиқ. 2026 йил 1 апрелдан бошлаб камида B1 даражадаги ўзбек тили сертификатига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фуқароликка қабул қилиш пайтида давлат тилини билиш бўйича топшириладиган алоҳида имтиҳондан озод этилади.
Бу жараён учун масъул этиб Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг (собиқ Давлат тест маркази) Илмий-ўқув амалий маркази белгиланди.
Ўзбек тилини ўрганиш жараёни халқаро тил ўрганиш стандартларига мослаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилдан бошлаб таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган умумтаълим муассасаларининг 9- ва 11-синф битирувчилари учун ўзбек тили бўйича якуний имтиҳонлар ўтказилиши мажбурий этиб белгиланганди.

Изоҳлар мавжуд емас