Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида "Фахрийлар тўғрисида"ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди. Ҳужжатга мувофиқ, мамлакатда узоқ йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилиб, жамият томонидан эътироф этилган шахсларга "фахрий" мақоми берилиши белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасида мазкур мақомга эга бўлган фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми, тоифалари ҳамда давлат органларининг улар билан боғлиқ ваколатлари аниқ тартибга солинади. Бу орқали фахрийларнинг ижтимоий мавқеини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Лойиҳага кўра, "фахрий" мақомига эга шахслар қатор ижтимоий имтиёзлардан фойдаланади. Жумладан, улар санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларида бепул даволаниш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, уй-жой-коммунал хизматлар учун компенсация тўловлари, солиқ ва пенсия имтиёзлари назарда тутилган. Амбулатор даволанишда дори-дармонлар билан имтиёзли таъминлаш ҳамда маданий ва кўнгилочар муассасалар хизматларидан енгиллаштирилган тартибда фойдаланиш имконияти берилади.
Қонун қабул қилинса, фахрийлар учун ижтимоий ҳимоя кафолатлари ягона ҳуқуқий асосда мустаҳкамланади.

Изоҳлар мавжуд емас