Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 1 июндан бошлаб Ўзбекистонда кўп қаватли уйларни фойдаланишга қабул қилиш, кадастр паспортини расмийлаштириш ва мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилди.
Давлат кадастрлари палатаси маълумотига кўра, барча жараёнлар энди UZKAD ахборот тизими орқали амалга оширилади. Шунингдек, "Кўп квартирали уйлар реестри" ахборот тизими ишга туширилган.
Янги тартибга мувофиқ, турар ва нотурар жойлар, шунингдек уй мулкдорларининг умумий мулки ягона электрон реестрда ҳисобга олинади. Ҳар бир кўп қаватли уй учун ягона кадастр паспорти шакллантирилади, объектларнинг рақамли чизмалари эса электрон харитада акс эттирилади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, рақамлаштириш қурилиш соҳасида шаффофликни ошириш, мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бюрократик жараёнларни қисқартиришга хизмат қилади.
Маълумот учун, Тошкент шаҳрида кўп қаватли уй-жойларга инвестиция қилишнинг даромадлилиги сўнгги йилда сезиларли ўсиб, айрим ҳолатларда 14,6 фоизгача етган. Бироқ бу кўрсаткичлар туманлар, хонадон тури ва бозор конъюнктурасига қараб кескин фарқ қилади.

Изоҳлар мавжуд емас