Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. ЎзАга ҳавола қилган ҳолда Batafsil.uz мухбири хабар беришича, Ўзбекистонда Хитойнинг Oshan бренди остида автомобиллар ишлаб чиқарилиши бошланади.
Яқин кунларда “Навоий” эркин иқтисодий ҳудудида “Navoiy – motors” Ўзбекистон-Эрон қўшма корхонаси барпо этилади. Умумий қиймати 12 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ушбу лойиҳа республика автомобилсозлик саноатида туб бурилиш ясаши кутилмоқда. Бу ерда Хитой давлатининг “Oshan” бренди остида ички бозор учун автомобиллар ишлаб чиқарилади.
“Дастлаб, ички бозор учун замонавий йўл танламас, пикап, минивен автомобиллари йиғишни йўлга қўямиз. Йилига 30 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада 200 нафардан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Жорий йил якунига қадар ишга тушириш режалаштирилаётган заводнинг барқарор ишлаши учун солиқ ва божхона имтиёзларининг яратилаётгани айни муддао бўлмоқда”, – дейди корхона бош технологи Афшин Шакери.
Oshan – Changan компанияси томонидан яратилган алоҳида автомобил бренди саналади. Бу компаниянинг қимматроқ машиналарини алоҳида таъкидлаш учун яратилган. У фақат Хитойнинг ички бозорида тақдим этилган. Бренднинг энг муваффақиятли моделларидан бири бу - бензин ва электр двигателларда ишловчи Oshan X7 йўл танламаса машинаси ҳисобланади.
Changan - Хитойнинг автомобилсозлик компанияси. У Хитойнинг энг йирик йўловчи транспорти ишлаб чиқарувчиларининг кучли учлигига киради.
Изоҳлар мавжуд емас