Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида ҳақиқий жонланиш кузатилди. Давр мобайнида мамлакат бўйлаб 110 мингдан зиёд олди-сотди шартномалари расмийлаштирилди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан нақ 48,4 фоизга кўп демакдир. Табиийки, уй-жойга бўлган бундай юқори талаб нархларнинг ҳам сезиларли даражада кўтарилишига олиб келган.
Марказий банк таҳлилларига кўра, айни пайтда иккиламчи бозордаги уйлар нархи доллар ҳисобида 9,4 фоизга, миллий валютада эса 3 фоизга ошган. Янги қурилаётган хонадонлар (бирламчи бозор) эса долларда 8,1 фоизга, сўмда 1,8 фоизга қимматлашган.
Хўш, уй-жой нархлари қайси ҳудудларда энг тез суръатлар билан ўсмоқда ва бунга нима сабаб бўляпти?
Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, янги оилалар сони уй-жой таклифидан кўра тезроқ кўпаяётган ҳудудларда нархлар босими жуда юқори. Хусусан, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятлари, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятида уй-жойлар бошқа ҳудудларга қараганда анча тез қимматлашмоқда. Айниқса, пойтахт ва Тошкент вилоятида аҳоли оқимининг кучлилиги, даромадларнинг ўсиши ҳамда кўчмас мулкни ишончли инвестиция сифатида сотиб олиш иштиёқи талабни янада қиздирмоқда.
Бунинг акси ўлароқ, Бухоро, Наманган, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида вазият бирмунча барқарор. Бу ҳудудларда аҳоли эҳтиёжига нисбатан кўпроқ янги уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилаётгани сабабли нархларнинг ўсиш суръати анча секинлашган. Самарқанд вилояти, Тошкент шаҳри, Бухоро ва Хоразм эса айни пайтда энг кўп кўп қаватли уйлар қурилаётган ҳудудлар сифатида етакчилик қилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, кўчмас мулк бозоридаги бугунги нарх-навони нафақат қурилиш ҳажми, балки ипотека кредитлари, урбанизация ва умумий иқтисодий фаоллик белгиламоқда. Рақамларга кўра, йилнинг дастлабки уч ойида аҳолига 5,7 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилган бўлса, жами инвестициялар таркибида қурилиш соҳасининг улуши 10,8 фоизгача ошган.

Изоҳлар мавжуд емас