Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонликлар 40 даражагача иссиқ ва момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ҳақида огоҳлантирилди. Шу билан бирга, жорий ҳафтада мамлакат ҳудудининг катта қисмида кам булутли, ёғингарчиликсиз об-ҳаво кутилмоқда.
Ўзгидромет хабарига кўра, бугун, 8 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятининг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Эртага, 9 июнь куни Тошкент вилояти ва Фарғона водийсининг айрим туманларида, шунингдек, кечаси ва эрталаб Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларининг айрим туманларида ҳам шундай шароит кутилмоқда.
10-12 июнь кунлари Ўзбекистон ҳудудининг аксарият қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат Фарғона водийсида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Шунингдек, ушбу ҳафтада тоғолди ва тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши, сел-сув тошқин ҳодисалари кузатилиши кутилмоқда.
Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 13-18 м/с гача кучайиши мумкин. Бугун чўл ҳудудларда шамолнинг тезлиги секундига 20-22 метргача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати асосан 32-37 даража, жанубда 39 даражагача бўлади.
Тошкентда бугун кундузи ёғингарчилик кутилмайди, ҳарорат 35-37 даража бўлади. Эртага момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. 10-12 июнь кунлари ёғингарчилик кутилмайди.
Пойтахтда ҳарорат асосан кечаси 21-23 даража, кундузи 33-35 даража бўлади. Шаҳарнинг айрим жойларида чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас