Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида юз берган портлаш оқибатида 6 нафар фуқаро ҳалок бўлди, яна 5 киши жароҳатланди.
Ҳодиса 8 июнь куни соат 13:50 атрофида Қарши туманидаги "Чаман" маҳалласи ҳудудида жойлашган газ қуйиш шохобчасида содир бўлганди.
Ҳодиса жойига бешта қутқарув бўлинмаси жалб этилган. Қутқарувчилар соат 14:02 да воқеа жойига етиб борган, ёнғин соат 14:05 да қуршаб олинган ва соат 14:55 да тўлиқ ўчирилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш ва ёнғин оқибатида тўртта автомобиль, жумладан иккита Cobalt ҳамда газ ташишга мўлжалланган иккита махсус транспорт воситаси зарар кўрган. Шунингдек, иккита ер ости ёқилғи сақлаш резервуари ҳам ёнган.
Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ва унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида Ҳукумат комиссияси тузилган.
Комиссияга жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш, портлаш сабабларини аниқлаш ҳамда келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.
Айни пайтда ҳодиса содир бўлган ҳудуд тўлиқ назоратга олинган бўлиб, оқибатларни бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас