Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, 8 июнь куни Тошкент вилояти бошқарув тизимида қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, Нурафшон шаҳрига янги ҳоким тайинланди, шунингдек, вилоят ҳокими Зойир Мирзаевга икки нафар янги ўринбосар иш бошлади.
Халқ депутатлари Нурафшон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўрилган. Илҳом Кличханов бошқа ишга ўтиши муносабати билан шаҳар ҳокими лавозимидан озод этилган. Унинг ўрнига илгари Олмалиқ шаҳар ҳокими сифатида фаолият юритган Қобил Ҳамдамов Нурафшон шаҳар ҳокими этиб тасдиқланган. Сессияда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берган.
Олмалиқ шаҳрида ҳам Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Шу вақтга қадар Олмалиқ шаҳрига ҳокимлик қилган Қобил Ҳамдамов бошқа ишга ўтиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Вилоят ҳокими тавсиясига биноан, шу кунгача Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Барҳаёт Мелиев Олмалиқ шаҳрининг янги ҳокими этиб тасдиқланган. Депутатлар мазкур номзодни бир овоздан қўллаб-қувватлаган.
Тошкент вилояти ҳокимига эса икки нафар янги ўринбосар тайинланган. Жумладан, Жаҳонгир Мамажонов вилоят ҳокимининг ўринбосари – Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи этиб сайланган. 48 ёшли Мамажонов молия, иқтисодиёт ҳамда халқаро иқтисодий муносабатлар соҳасида катта тажрибага эга бўлиб, ушбу лавозимга қадар АҚШдаги JM Group компаниялари бош директори сифатида фаолият юритган.
Шунингдек, Руслан Кунаров вилоят ҳокимининг саноат корхоналарини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган. 40 ёшли Кунаров солиқ соҳаси мутахассиси бўлиб, аввал Янгийўл туманидаги BIO KORM хусусий корхонасида маслаҳатчи сифатида ишлаган.
Таъкидлаш жоизки, саноат корхоналарини ривожлантириш бўйича мазкур ўринбосарлик лавозими Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига кўра айнан Тошкент вилояти учун махсус жорий этилган бўлиб, республиканинг бошқа ҳудудларида бундай вазифа мавжуд эмас.

Изоҳлар мавжуд емас