Загрузка
Загрузка
Зооқамоқхоналар. Ўзбекистонда ҳайвонларни қийноққа солиш қачон тугайди?
Жамият

Зооқамоқхоналар. Ўзбекистонда ҳайвонларни қийноққа солиш қачон тугайди?

386
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz.  Ўзбекистон бўйлаб қамоқхоналарга ўхшаган ўнлаб турли ҳайвонот боғлари эркин фаолият юритишни давом этмоқда. У ерда ҳайвонлар яшашнинг ўрнига азоб чекиб, аста-секин ўлимга қараб боради.

Шу билан бирга, бундай манзара минглаб болаларга намойиш этилади, ҳайвонот боғларининг эгалари эса табиатга муҳаббат уйғотишлари ҳақида бонг уришмоқда. Кичкина ва тозаланмаган қафасларда оч ва ғазабланган айиқ ёки шерларни кўрган бола бу каби жойлардан қандай таассурот билан чиқишини айтиш қийин. Batafsil.uz.  мухбири Бухорода жойлашган шундай зооқамоқхоналардан бирига ташриф буюрди.

Дам олиш кунларидан бирида қадимий Бухоронинг тарихий масканлари бўйлаб сайрга чиқишга қарор қилдик. Сомонийлар номли истироҳат боғидаги Самонийлар мақбарасидан унча узоқ бўлмаган жойда "Ҳайвонот боғи" деган ёзувли баннерни кўрдим. Бу менга қизиқ туюлиб, Бухородаги ёввойи табиатнинг бир бурчагини кўрмоқчи бўлдим. Бундан ташқари, Вена ва Берлиндаги машҳур ҳайвонот боғларини кўрганлигим боис, маҳаллий ҳайвонот боғларининг ҳайрон қолдирадиган томонлари менда қизиқиш уйғотди.

Боғнинг шимолий - шарқий қисмида, тарихий ёдгорликдан бир неча ўн метр нарида, ҳайвонот боғи деб аташга тил айланмайдиган бир жой бор экан. Тўғрироғи - буни ёввойи ҳайвонларни сақлаш учун жой деса ҳам бўлади.

Зоология парки (ёки ҳайвонот боғи) – ҳайвонларни намойиш қилиш, асраш, кўпайтириш ва уларни ўрганиш, шу жумладан, илмий тадқиқотлар ўтказиш мақсадида тутқунликда сақлаш муассасаси ҳисобланади. Биологик энциклопедияда ёзилишича, ҳайвонот боғи ҳайвонот дунёсининг хилма-хиллигини намойиш этиш, табиат ҳақидаги билимларни тарқатиш, ҳайвонларни муҳофаза қилишни тарғиб қилиш ва ноёб ҳамда йўқолиб бораётган ҳайвон турлари генофондини асраб-авайлаш вазифаларини бажарадиган илмий-маърифий муассаса ҳисобланади.

Бухорода кўрганим эса дилимни жуда эзиб юборди. Бу жой қамоқхона, ҳақиқий зооқамоқхонани эслатади.

Бизни ташландиқ омбор эшигига ўхшаш кўримсиз кириш дарвозаси кутиб турарди. Кираверишда ушбу муассаса ходими катталардан 5 минг сўм, 5 ёшдан ошган болалардан 3 минг сўм миқдорида тўлов олди. Албатта, ҳеч қандай касса ёки чипта йуқ. Ходимнинг чўнтаги касса бўлиб, чипта бериш ўрнига у 50 турдаги ҳайвонларини мақтай бошлади.

Остонадан ўтиб, даставвал   реклама ёзуви билан ёпиб қўйилган ахлатхонага кўзим тушди. Бутун майдон тахминан 5-6 соткани эгаллаган. Ташқари томондан бир метр баландликдаги девор ўраб турибди. Девор темир панжарадан эмас, оддий похсадан ясалган. Бу зооқамоқхонадаги ҳайвонлар кенг вольерларда эмас, ёввойи ҳайвонларни сақлашга доир барча қоидаларга зид бўлган кичкина катакчаларда сақланмоқда.

Кўзимга ташланган нохуш нарса- ғозлар сақланаётган катакча бўлди. Унинг ўртасида хандак қазилган бўлиб, ичидаги сув ёмғир кўлмакчаларига ўхшайди. Ундаги сув музлаганлиги боис, бечора ғозлар тинимсиз овоз чиқариб туришибди. Бу овоз кўпроқ йиғига ўхшайди. Эҳтимол бундай чидамсиз шароитни айтиб бера олмаётган тилсил жониворлар йиғиси билан биз одамларга мурожаат қилаётгандир.

Иккита грифнинг ҳолига маймунлар йиғлайди. Улар яшаётган катакнинг юқори қисмидан қандайдир эски латталар осилиб турибди. Ҳаттоки очиқ жойлар ҳам мавжуд бўлиб, улардан йирик йиртқичлар учиб кетиши ҳам мумкин. Бироқ, бу қушларнинг ташқи қиёфасидан маълум бўлдики, улар   уча олмайдилар. Акс ҳолда бу қамоқхонани аллақачон тарк этишарди.

Лекин энг даҳшатлиси ҳали олдинда экан. Кичиккина қафасда шерлар сақланмоқда. Бир жуфт йиртқичлар бир бурчакдан иккинчисига ўзини ташлаб, темир эшикни очишга ҳаракат қилади, темир панжараларга сакрайди. Катакдан бизни кичик ва мустаҳкам бўлмаган бир деворча ажратиб турарди. Шунинг учун ҳайвонлар чиқиб олиб, гўёки бизга ташланмоқчидек туюларди. Қафас эски ва жуда ифлос гилам билан ёпиб қўйилган! Эҳтимол, “зоопарк” эгалари шу йўл билан уларни тунги совуқдан ҳимоя қилишаётгандир?

Шерлар ёнида айиқ яшайди! Бечора ҳайвон очликданми, совуқданми ёки чидаб бўлмас шароитдан қафасга ёпишиб олиб, бизга умидвор кўз билан қаради. Балки унга бирор овқат беришимиз ёки бу қамоқдан чиқаришимиздан умид қилгандир?

Уларнинг ёнида гавдасидан ҳам кичик қафасда 5та бўри умргузаронлик қилмоқда. Озодликда катта майдонни севиб яшайдиган бу ҳайвонларга камоқхона асосчилари шу катакчани раво кўришгани ҳеч ҳам ақлга сиғмайди.

Кейинги қафасда бизни яна бир нохуш манзара – чўлоқ тулки кутиб олди. Унинг аҳволига қараганда, ҳайвонот боғи ходимларидан ҳеч бири унга ёрдам бермаган ва бундай кейин ҳам ёрдам бермоқчи эмас.

Бошқа қафасларда ҳам даҳшатли шароитда сақланаётган тўтиқушлар, олмахонлар, маймунлар ва бошқа ҳайвонларни кўрдик. Уларнинг аксарияти оч-наҳор эди. Ҳайвонлар бир бурчакдан иккинчисига сакраб,   озроқ бўлсада егулик олиш илинжида эътиборимизни жалб қилишга уринарди.

Бу қамоқхонадаги барча хоналар совуқ, иситилмайди ва бадбўй ҳидларга тўлиб кетган. Мен қафасларнинг ҳеч бирида озиқ-овқат ва сув учун алоҳида косаларни кўрмадим. Ҳамма катакларда ифлос ва қуп-қуруқ косалар чаппаю роста бўлиб ётибди.

Бу борада мен соҳа раҳбарларидан бир нарсани сўрамоқчиман.   Бундай ҳайвонот боғига қандай қилиб лицензия бериш мумкин? Бу шароитга қараганда, мазкур объект таъсисчилари ва ходимларининг бирортаси ҳам мутахассис эмаску, бу фақат пул ишлаш йўли бўлиб қолган. Давлат экология қўмитасининг худудий вакиллари қаерга қарашмоқда? Афсуски, улар бу ерга қачонлардан буён қадам босишмаганда ўхшайди.

Бу даҳшатли ташрифдан сўнг, 8 ёшли ўғлим менга:

- Онажон, нега ҳайвонлар бундай даҳшатли шароитда яшайдилар? Яхшиси уларни озод қилсинлар! Бу ҳайвонот боғи емас-бу қамоқхона!,- деб айтди.

Минг афсуски, болага нима деб жавоб беришга ҳайрон қолдим. Қонунларимиз фақат қогозда қолиб кетаётганлигини қандай тушунтирай?

Амалдорлар жавоб бериши керак бўлган саволларнинг бир қисми:

- Нима учун Давлат экология қўмитаси ҳайвонларни сақлашга қўйилган талабларни текширмайди?

- Ушбу муассасани очишга ким рухсат берган?

- Ҳайвонларнинг бундай аянчли ҳолати учун ким жавобгар?

- Нега таъсисчилар бу жойни ғурур билан "ҳайвонот боғи"деб аташади?

- Нима учун ташриф буюрувчилар учун зарур хавфсизлик чоралари кўрилмаган?

- Таъсисчилар шерлар, бўрилар, олмахонлар, тулкилар, айиқлар ва ёввойи тоғ қушларини қаердан олишган?

Кун бўйи Давлат экология қўмитасининг Бухоро бўлими ва Ўзбекистон Экологик партиясига қўнғироқ қилиб, ҳеч бўлмаганда айрим саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдим. Аммо телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади. Давлат экология қўмитасининг ишонч телефонига ҳам ҳеч ким жавоб бермади. Шундан сўнг Давлат экология қўмитасининг Республика бўлими рақамини териб, бу муаммони ўрганишга ваъда берган мутахассислар билан боғланишга муваффақ бўлдим. Бухоро хокимининг ёрдамчиси Улуғбек Обидов ҳам шуни ваъда қилди.

Кейинчалик билиб олдимки, Акмал Юлдашев исмли фуқаро ҳайвонот боғининг асосчиси бўлиб, 2012 йилда бу ишини бошлаган экан. Бу хусусий бизнес бўлсада, шуни унутмаслик керакки, ҳайвонлар давлат томонидан ҳимоя қилинади. Нима учун шаҳар ҳокимлиги бу муаммога эътибор қаратмаяпти? Ахир, ёввойи ҳайвонларнинг сақланиш шароитини яхшилаш учун тадбиркорларга ёрдам бериши мумкинку. Вольерлар қуриш, қишки мавсумда иситиш учун газни улаш, кенгроқ майдон ажратиш қийинми? Нима учун раҳбарлар бу масалага бепарво муносабатда бўлишмоқда?

Бизга қўл остидагиларимиз учун жавобгармиз. Болаларни ҳайвонот боғлари ва ботаника боғларига олиб бориб, уларда табиатга ҳурмат, уни асраш ва кўпайтириш учун жавобгарлик ҳиссини уйғотишга, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга ўргатишга ҳаракат қиламиз. Биз келгуси авлодларда ҳайвонларга нисбатан бирдамлик ва раҳм-шафқат туйғусини кучайтиришимиз керак. Аммо Бухородаги "ҳайвонот боғи" бунинг аксини ўргатади. Бу инсоннинг ҳайвонларга нисбатан бепарволиги ва масъулиятсизлигининг ёрқин намунасидир.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+