Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентда ўтказилаётган Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеяси доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ёшлар парламентлари глобал платформасини яратиш ва республикада унинг таъсис форумини ўтказишни таклиф қилди. Давлат раҳбари ўз нутқида ёшларнинг сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиши муҳимлигини таъкидлади.
"Ёшларни миллий парламентлар ва Иттифоқ фаолиятига фаол жалб этиш, доимий мулоқотни кучайтириш лозим", - деди президент.
Давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистонда парламентаризм соҳасида амалга оширилган муҳим ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталди. У янги Конституция қабул қилингани, парламент ваколатлари кенгайтирилгани, шунингдек, парламентда аёллар улуши 38 фоизга етгани, бу Осиёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири эканини қайд этди.
Шунингдек, президент қуролли можаролар, экологик ҳалокатлар ва иқтисодий инқирозлар каби долзарб глобал муаммоларни ҳал қилишда парламентлар ўртасидаги халқаро ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади.
"Бундай ўта мураккаб вазиятда парламентлар тинчликни асраш, ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлашдаги иштироки ва таъсирини кучайтиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда" , - деди у.
Нутқи якунида президент иқлим ўзгариши, аёллар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби масалаларни ҳал этишда биргаликда ишлаш зарурлиги, сунъий интеллектдан инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда, масъулият билан фойдаланиш муҳимлигига урғу берди.
"Сунъий интеллектдан фойдаланиш этикаси бўйича намунавий қонун ишлаб чиқилса, ушбу инновацион ҳуқуқий асос жаҳонда жадал ривожланаётган соҳани самарали тартибга солиш бўйича барча мамлакатлар учун ўзгача намуна бўлади," - деди давлат раҳбари.
Изоҳлар мавжуд емас