Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий йилнинг 19 февраль куни Вашингтонда бўлиб ўтадиган Тинчлик кенгашининг (Board of Peace) биринчи йиғилишида Ғазо секторидаги гуманитар ва қайта тиклаш ишлари учун аъзо давлатлар томонидан 5 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратилиши эълон қилинади. Бу учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этиши режалаштирилмоқда.
АҚШ Президентининг маълум қилишича, Вашингтондаги Дональд Ж. Трамп институтида ўтказиладиган ушбу тарихий учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ташкилотнинг таъсисчи аъзоси сифатида иштирок этиши кутилмоқда. Мазкур тадбир шу йилнинг январь ойида Давосда бошланган глобал тинчлик ташаббусларининг узвий давоми бўлиб, унда нафақат молиявий кўмак, балки минтақада хавфсизликни таъминлаш учун халқаро барқарорлаштириш кучлари ва маҳаллий полиция таркибига минглаб ходимларни жалб этиш мажбурияти ҳам расман тасдиқланади.
Бугунги кунга келиб Тинчлик кенгаши БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан бир овоздан маъқулланган Ғазодаги можарога якун ясаш режасини амалга оширишда муҳим бўғинга айланган.
Аввалроқ, 22 январь куни Швейцариянинг Давос шаҳрида Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон ва Саудия Арабистони каби 20 дан ортиқ таъсисчи давлат раҳбарлари иштирокида кенгашнинг расмий низоми имзоланган эди.
Кенгаш раиси Дональд Трампнинг таъкидлашича, ушбу халқаро тузилма тарихдаги энг нуфузли органлардан бири бўлиб хизмат қилади ва Ғазодаги вазиятни барқарорлаштириш орқали бутун дунёда тинчлик ўрнатишга интилади. Мазкур жараённинг муҳим шарти сифатида ҲАМАС гуруҳининг тўлиқ ва зудлик билан қуролсизланиши белгилаб қўйилган.

Изоҳлар мавжуд емас