Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Кобленц шаҳридаги ҳарбий техника музейи "ҳарбий хавфсизлик талаблари" сабабли Ўзбекистон, Россия, Украина ва бошқа бир қатор давлатлар фуқаролари учун ўз эшикларини ёпди. Музей маъмуриятининг расмий сайтида маълум қилинишича, бу чеклов Германиянинг "Ишончлиликни текшириш тўғрисида"ги қонуни (SÜG) асосида белгиланган давлатлар рўйхатига таянади.
Тақиқланган давлатлар қаторидан Марказий Осиёнинг барча республикалари, Хитой, Шимолий Корея, Эрон, Сурия ва Кавказ давлатлари жой олган.

Мазкур музей Европадаги энг йирик ҳарбий коллекциялардан бирига эга бўлиб, у ерда Биринчи жаҳон уруши давридаги Renault FT 17 танкларидан тортиб, замонавий НАТО техникалари прототипларигача намойиш этилади. Хусусан, мажмуада Leopard 1 танкининг кесимдаги модели ҳамда Marder 2 каби ноёб ҳарбий ишланмалар мавжуд.
Маълумот учун, ушбу экспозиция 1982 йилдан бери Кобленцда фаолият юритади ва шу вақтга қадар 1 миллиондан ортиқ киши томонидан зиёрат қилинган. Чекловнинг айнан ҳозир жорий этилиши Германия қонунчилигидаги хавфсизлик талабларининг кучайтирилиши билан изоҳланмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас