Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Остона шаҳрида халқаро "Келажак ўйинлари – 2026" турнирининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Podrobno.uz мухбири ҳам иштирок этди.
Маросим "Барис Арена"сида ташкил этилди. Ташкилотчилар анъанавий маданият, замонавий мусиқа ва рақамли технологияларни бир саҳнада уйғунлаштирди. Саҳнада DJ Imanbek, Ирина Кайратовна гуруҳи, Ninety One (91) ҳамда Қозоғистон эстрадасининг бошқа юлдузлари чиқиш қилди.
Шоу сунъий интеллект графикаси, улкан LED-инсталляциялар, лазер ва ёруғлик эффектлари, шунингдек роботлаштирилган элементлар билан бойитилган.

Турнирга Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев расман старт берди. У нутқида очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорлик билдирди ва мусобақани мамлакатлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамловчи муҳим воқеа деб атади.
"Ишонаманки, "Келажак ўйинлари" мамлакатларимиз ўртасидаги бирлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг яна бир "олтин кўприги"га айланади", — деди Тўқаев.
Қозоғистон раҳбари мусобақанинг ноодатий форматига ҳам эътибор қаратиб, унда иштирокчиларнинг рақамли кўникмалари жисмоний тайёргарлиги билан бир қаторда синовдан ўтишини таъкидлади.
"Бу — спорт ва интеллект уйғунлиги, шу билан бирга жисмоний куч ҳамда интеллектуал салоҳият ўртасидаги беллашувдир. Амалда эса улар бир-бирига зид эмас, аксинча, ўзаро тўлдириб туради", — деди у.
Президентнинг таъкидлашича, бундай мусобақалар нафақат энг кучли иштирокчиларни аниқлаши, балки турли мамлакатлардан келган спортчиларга ҳамфикрлар топиш ва янги алоқалар ўрнатиш имконини ҳам яратади.
"Зеро, "Келажак ўйинлари"нинг асосий вазифаси одамларни бирлаштириш ва уларни янги ютуқларга илҳомлантиришдир", — деди Қозоғистон президенти.
Остонага 30 дан ортиқ давлатдан қарийб 800 нафар спортчи ташриф буюрган. Улар 12 кун давомида анъанавий ва рақамли спортни уйғунлаштирувчи саккизта йўналиш бўйича ўзаро баҳс олиб боради.

Мусобақа дастуридан фиджитал футбол, баскетбол, яккакурашлар ва рақслар, шунингдек Counter-Strike 2, Dota 2, PUBG: Battlegrounds ҳамда Mobile Legends: Bang Bang бўйича турнирлар ўрин олган. Иштирокчилар орасида Team Spirit, T1, Team Falcons, Boca Juniors ва Valencia Basket каби машҳур спорт ҳамда киберспорт клублари ҳам бор.
Беллашувлар 29 июлдан 9 августга қадар Остонанинг тўртта йирик спорт иншоотида — "Барис Арена", Qazaqstan енгил атлетика мажмуаси, Жақсилиқ Ўшкемпиров номидаги Яккакурашлар саройи ва Beeline Arena Миллий теннис марказида ўтказилади. Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 4 миллион доллардан ошади.

Изоҳлар мавжуд емас