Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2025 йилда Ўзбекистонда тақдим этилган солиқ имтиёзларининг умумий ҳажми 178,2 триллион сўмни ташкил этиб, бу 2024 йилга нисбатан 31,2 фоизга кўпайди. Бу ҳақда Фискал таҳлиллар институти маълум қилди.
Маълумотларга кўра, имтиёзларнинг 119,1 триллион сўми Солиқ қўмитаси, 59,1 триллион сўми эса Божхона қўмитаси ҳиссасига тўғри келган. Энг катта улуш — 114,6 триллион сўм ёки умумий ҳажмнинг 64 фоизи қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) имтиёзларига тўғри келади.
Унинг қарийб 85 фоизи экспорт учун нол ставка ва молия ҳамда суғурта хизматларини ҚҚСдан озод қилиш каби солиқ тизимининг асосий элементларини ташкил этади.
Шунингдек, фойда солиғи бўйича энг йирик имтиёзлар халқаро шартномалар доирасида тақдим этилган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун жорий этилган нол ставка бўйича 1,7 триллион сўмлик имтиёз ажратилган бўлса, мулк солиғи бўйича ҳам ушбу соҳа вакилларига 1,7 триллион сўмлик енгиллик берилган.
Жисмоний шахслар даромад солиғи бўйича 18,8 минг нафар фуқаро таълим харажатлари учун, 10 мингдан ортиқ иш берувчи эса ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш юзасидан имтиёзлардан фойдаланган. Айланмадан олинадиган солиқ бўйича эса 31 мингдан зиёд тадбиркор учун 2 фоизлик пасайтирилган ставка қўлланилган.
Маълумот учун, Президентнинг 2026-йил 29-майдаги тегишли фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 1-июнидан бошлаб савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлар учун янги солиқ имтиёзлари кучга кирганди. Унга кўра, 2030-йилнинг 1-январига қадар мазкур соҳа вакиллари ихтиёрий равишда 6 фоизлик соддалаштирилган ҚҚС тартибига ўтишлари мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас