Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобат қўмитаси Elita Stroy Building ва Glamur Gold компаниясига реклама қонунчилиги талабларини бузгани учун молиявий жарима қўллади. Бу ҳақда Қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ўрганишлар давомида мазкур компанияларнинг турар жой мажмуалари улуш киритиш асосида қурилиш учун маблағ жалб этувчи қурувчиларнинг электрон рўйхатига киритилмагани аниқланган. Шунга қарамай, ушбу объектлар ижтимоий тармоқларда реклама қилинган.
Қўмита Президентнинг 2020 йил 27 майдаги ПҚ-4732-сон қарори ҳамда "Реклама тўғрисида"ги қонуннинг 16-моддаси талабларига асосан компанияларни қонунбузар деб топган. Уларга молиявий жарима қўлланилган, шунингдек, қонунбузилишни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларни такрорламаслик бўйича кўрсатма берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам қўмита томонидан олиб борилган назорат тадбирлари давомида молиявий хизматлар соҳасида реклама қонунчилиги талабларини бузган ва истеъмолчиларни чалғитувчи маълумотлар тарқатган 20 дан ортиқ тижорат банки ҳамда микромолия ташкилотига нисбатан молиявий жарималар қўлланилганди.

Изоҳлар мавжуд емас