Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўтган ҳафта охирида Остонада янги форматдаги “Россия – Марказий Осиё” биринчи саммити бўлиб ўтди. Қизиғи шундаки, тадбир натижалари ҳақида жуда кам маълумот берилди. Аён бўлишича, иштирокчилар кераксиз шов-шувларнинг олдини олиш ва Россия Федерацияси билан ҳамкорлик қилаётган мамлакатларга нисбатан иккиламчи санкциялар қўлланмаслиги учун Ғарб мамлакатларига янги маълумотлар берилишини олдини олиш мақсадида ёпиқ ешиклар ортида долзарб масалаларни муҳокама қилишга интилган.
Экспертлар ҳамжамияти ҳамкорликнинг янги механизми ҳақидаги фикрлари турлича бўлди. Баъзилар бу самарасиз формат дейишган бўлса, бошқалари дунёдаги мавжуд тартиб-тамойилнинг бузилиши, глобаллашувдан узоқлашиш ва жаҳонни макроминтақаларга бўлинилиши шароитида минтақа ва Россия Федерацияси ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги механизмини яратиш зарурлиги ҳақида гапиришган. Шу билан бирга, уларнинг аксарияти айни дамда ахборот урушлари ва ташқи кучларнинг МДҲ атрофидаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишлари шароитида барча даражадаги, шу жумладан мамлакатларнинг эксперт доиралари ўртасида мулоқот қилиш ниҳоятда муҳим эканлигини таъкидлашган.
Мухбиримиз "Ma’no" илмий-тадқиқот ташаббуслари маркази директори Бахтиёр Эргашев билан суҳбатлашиб, янги форматдан нимани кутиш кераклиги, Россия минтақада хавфсизлик кафили сифатида ҳаракат қила оладими ёки йўқми, эҳтимолий иккиламчи санкциялар жорий этиш шароитида Россия Федерацияси билан қандай муносабатда бўлиш кераклиги, саммитда Эмомали Раҳмон эмоционал нутқининг мақсади нима эканини тушунишга ҳаракат қилди.
– Сизнингча, "Россия – Марказий Осиё" форматидаги биринчи саммит якунланганидан кейин асосий натижалар нималардан иборат?
– Остонада бўлиб ўтган "Марказий Осиё ва Россия" форматидаги давлат раҳбарларининг биринчи саммити шу билан қизиқки, қўшма баёнотда ушбу форматдаги ҳамкорлик учун асосий фаолият йўналишлари белгилаб берилган.
Масалан, ҳужжатда саноат кооперациясини ривожлантириш, қўшма инвестициялар ва янги ишлаб чиқариш объектларини яратиш каби иқтисодий ҳамкорлик масалалари кўтарилди, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, келажакдаги жиддий эпидемиялар ва глобал пандемияларга қарши курашиш учун санитария-эпидемиология назорати тизимини шакллантириш бўйича биргаликда ишлаш ниятлари яққол кўринди. Бу жуда муҳим векторлар ва улар жуда аниқ белгиланган.
Мамлакатлар раҳбарлари ўртасида очиқ ва тўғри фикр алмашуви бўлиб ўтгани ҳам аҳамиятлидир. Давлат раҳбарларининг МО + Россия форматидаги учрашувлари шунчаки юзаки эмас, улар очиқ мулоқот ва мамлакатларимиз учун муҳим ва қизиқарли масалалар бўйича мунозаралар билан тўлдирилиши керак. Ўйлайманки, Марказий Осиё давлатлари ҳам, Россия ҳам бунга муҳтож – бу минтақамиз ва Россия Федерацияси ўртасидаги иқтисодий, гуманитар ва сиёсий ўзаро боғлиқлик борасида очиқ саволлар туғдирадиган ва қарорлар қабул қиладиган платформа ҳисобланади.
– Сизнингча, ушбу формат қанчалик долзарб ва ҳаётий ҳисобланади? Баъзи экспертларнинг таъкидлашича, Марказий Осиё мамлакатларида Россия Федерацияси билан ўзаро алоқалар қилиши учун кўплаб бошқа платформалар мавжуд ва яна бир платформа қандайдир сунъий тузилмага ўхшайди. Бунга нима дейсиз?
– "МО + РФ" формати бундай платформалар бошқа мамлакатлар билан яратилганидан кейин пайдо бўлди. Жумладан, 2015 йилда Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасида, сўнгра Афғонистон қўшилиб "МО + Ҳиндистон" мулоқот формати пайдо бўлди. 2020 йилда минтақа мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги формат синовдан ўтказилди. Марказий Осиё давлатлари билан Япония ўртасида ҳам шу каби механизмни шакллантиришга уринишлар бўлмоқда.
Аммо, масалан, минтақа давлатлари Ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котиби учрашадиган "C5 + 1" (Марказий Осиё – АҚШ)ни "МО + РФ" билан таққосласак, биринчисида давлат раҳбарларининг учрашуви йўқ. Менимча, буни Остонадаги саммитнинг жуда муҳим ва ижобий фарқи десак бўлади.
Умуман олганда, бундай формат аллақачон ўзининг ҳаётийлини ва долзарблигини намойиш этган. Дунёнинг етакчи давлатлари - иқтисодий, сиёсий ва технологик жиҳатдан кучли мамалакатлар Марказий Осиё давлатлари билан бевосита мулоқот ўрнатмоқчи. Шунинг учун аминманки, ушбу форматдаги платформалар албатта ривожланади. Бундан ташқари, бошқа мамлакатлар иштирокида янгилари пайдо бўлаверади.
Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва шериклик турли форматларда амалга оширилади. Бунга мисол тариқасида МДҲ, ЕОИИ ва КХШТни кўрсатиш мумкин. Аммо, ҳар қандай ҳолатда янги формат шаклланишини тақозо қиладиган иккита нарса мавжуд. Биринчидан, минтақанинг барча мамлакатлари ҳам ушбу интеграцион бирлашмаларда қатнашмайди (ЕИОО ва КХШТ назарда тутилмоқда), бу баъзи масалаларни "барча Марказий Осиё мамлакатлари – Россия Федерацияси" форматида диққат билан муҳокама қилишни имконсиз қилади. Иккинчидан, уларнинг барча аъзолари ҳам Марказий Осиё мамлакатлари эмас, шунинг учун минтақамиз учун ушбу платформалар умумий муҳокамалар учун платформалар хусусиятига эга.
Шу билан бирга, Марказий Осиёнинг бошқа ҳар қандай минтақа каби, ўзига хос хусусиятлари бор. Бу эса фақат Россиянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро муносабатларига бағишланган мунозара платформасини талаб қилади. Бу жуда муҳим, қизиқарли ва истиқболлидир, шунинг учун ушбу формат давом этади ва ривожланади.
– Саммит давомида томонлар минтақадаги хавфсизлик масалаларини фаол муҳокама қилдилар. Сизнингча, Россия шу минтақада, жумладан Афғонистон йўналиши бўйича кафил сифатида ҳаракат қилиши мумкинми?
– Бундай форматлар мавжудлигидан қатъи назар, Россия ҳар қандай ҳолатда ҳам Марказий Осиё минтақасида ҳарбий-сиёсий ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалаларини ҳал қилишда жиддий таъсирга эга бўлган давлатдир. Аммо, албатта, ушбу форматда хавфсизлик масалалари янада аниқроқ ҳал қилинади, чунки дейлик, КХШТ доирасида уларнинг муҳокамаси тўлиқ кўриб чиқилиши мумкин эмас, сабаби – Ўзбекистон ва Туркманистон бу ташкилотга аъзо эмас.
Масалан, Марказий Осиё минтақасининг барча давлатлари Афғонистон ичидаги муаммоларини ҳал қилишда ва Афғонистон билан давлатлараро муносабатлар тизимини шакллантиришда Россия ўз таъсир даражасига эга эканлигини тан олишади.
Албатта, бу масалаларда Хитой, ҚШ, Покистон ва Эроннинг ролини ҳам унутмаслик лозим. Бироқ, минтақа мамлакатлари Толибон ҳукумати томонидан олиб борилаётган "умумий пуштунлаштириш" сиёсати (мисол тариқасида, Шимолий Афғонистоннинг айрим вилоятларида яшаётган ўзбек ва тожик аҳолисининг бир қисмини ўз уйларидан кўчириб, жойини пуштунларга бериш) натижасида тобора кучайиб бораётган фуқаролар урушининг янги босқичи арафасида турган ушбу давлатдаги ички беқарорликни кўриб, бу мамлакатдаги вазиятни қандай бўлмасин ҳал этиш учун барча имкониятлардан фойдаланиш лозимлигини тушуниб етишмоқда. Шу боис, Афғонистон билан чегарадош ва умумий чегараларга эга бўлмаган барча Марказий Осиё давлатлари бу масалада Россия билан ҳамкорлик қилади.
– Саммитнинг асосий мавзуларидан бири шуки, путин Марказий Осиё давлатларини Россиянинг импорт ўрнини босиш ташаббусларида фаол иштирок этишга таклиф қилди. АҚШ томонидан иккиламчи санкциялар жорий этилиши эҳтимоли мавжуд бўлган бир ҳолатда Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги салоҳиятини қандай баҳолайсиз?
– Албатта, ҳозирги босқичда санкцияларнинг кучайиши муносабати билан Россия билан иқтисодий йўналишда қандай муносабатда бўлиш масаласи энг долзарб ҳисобланади. Минтақанинг барча беш мамлакати учун Россия асосий ташқи савдо шерикларидан бири эканлиги аниқ ва улар тез фурсатда Россиянинг ўрнини боса олмайдилар. У кўплаб маҳсулотлар- ёғоч, металл, темир, пўлат буюмлар ва бошқалар учун асосий етказиб берувчи бўлиб қолаверади. Логистика ва транспорт йўллари аллақачон ушбу ҳамкорлик фойдасига ишламоқда, буларнинг барчасини алмаштиришнинг иложи йўқ, демак ҳамкорлик давом этади.
Албатта, агар муайян мамлакатларнинг Россия билан фаол иқтисодий ҳамкорлиги давом этаверса, уларга қарши иккиламчи санкциялар қўлланилиши мумкинлигини ҳисобга олсак, бу янада муаммоли бўлиб қолади. Бундай саволлар сони янада ортади. Мазкур шароитда Марказий Осиё давлатлари у ёки бу санкцияларни четлаб ўтиш ва Россия билан ҳамкорликнинг амалдаги даражасини сақлаб қолиш учун янги механизмларни излашлари керак бўлади.
Бу объектив воқелик. Россияга қарши санкцияларни қўллайдиган мамлакатлар, кимдир Россияга санкциялар киритишга қарор қилгани учун бошқа давлатлар барибир ўз объектив иқтисодий манфаатларини ҳисобга олишлари кераклиги, зарарга ишламаслиги, товарлар ёки қўшма лойиҳалардан воз кечиши мумкин эмаслигини тушунишлари лозим бўлади.
– Саммитдан кейин Россия Федерацияси Президентини Марказий Осиёга собиқ СССР каби муносабатда бўлмасликка чақирган Тожикистон раҳбарининг нутқи ҳақида кўп гапирилди. Сизнинг фикрингизча, Россия бугун Марказий Осиё давлатларининг ички ишларига аралашяптими ёки уни кўпроқ икки томонлама муносабатларнинг иқтисодий жиҳатлари қизиқтирмоқдами?
– Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг анча ҳиссиётли нутқи фақат биринчи қарашда шошма-шошарликда гапирилгандек туюлади. Аслида унинг остида минтақа давлатларининг жиддий хавотирлар ётади, хусусан, Украинадаги махсус ҳарбий операция шулар жумласиндандир. Шубҳасизки, Россиянинг ўзида ҳам милитаристик риторика кучайди. Бу риториканинг Марказий Осиё давлатларига қарши даражасини пасайтира оладими? Мазкур масала кун тартибида қолаверади ҳамда минтақа давлатлари ва Россия ўртасида такрор муҳокама қилинади.
Марказий Осиё давлатлари ўз мустақиллигининг 30 йили мобайнида Ғарбнинг турли сабоқларидан аллақачон тўйган. Эҳтимол, Россия ҳам нимани ва қандай ислоҳ қилишни, қандай қилиб сиёсий тизимларни қуришни ўргатмоқчи бўлган Ғарбнинг хатоларини такрорламаслиги керак. Иқтисодий наф келтирган ва ҳақиқий лойиҳалар кам бўлган, аммо сабоқлар ниҳоятда кўп эди. Иқтисодиёт, гуманитар ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик қилиш ва бошқа соҳалардаги тирик ташаббусларни рўёбга чиқариш ҳамда амалий лойиҳаларни ишлаб чиқиш фойдали бўларди.
– Яқинда АҚШ Давлат департаменти АҚШ сиёсатидан мақсад - Россия ва Марказий Осиё иқтисодларини ажратиш эканини, бунинг учун миллионлаб доллар ажратилишини маълум қилди. Янги “Россия–Марказий Осиё” форматининг пайдо бўлиши ўсиб бораётган Америка таъсирига қарши туриш усулими?
– Менинг фикримча, бу гаплар Ғарб дипломатлари ва экспертларининг "хохишлари" холос. Марказий Осиё давлатлари экспорт таъминоти ва ташқи савдо алоқаларини диверсификация қилмоқда. Бироқ, Россия ва Хитой узоқ вақт давомида асосий ташқи савдо шериклари бўлиб қолиши аниқ.
Ғарб қурилиш ва мебел саноати учун Россия ёғочи ўрнига ўзиникини бериши мумкинми? Уни Канададан келтириб бўлмайдику! Бу ёғоч олтиндан бўлади. Худди шу нарсани металлургия маҳсулотлари, дастгоҳлари қурилиши ва энергетика соҳасидаги технологиялар ҳақида ҳам айтиш мумкин. Россия бозорлари деҳқонларимизга ҳам керак: ўзбек ёки тожик мевалари ғарб бозорларида шу ҳажмда сотилишига ишониш қийин. Худди шу нарса Марказий Осиё мамлакатларида ишлаб чиқариладиган тўқимачилик ва бошқа маҳсулотларга ҳам тегишли.
Бу оқимларни тез ва бундай катта ҳажмда бошқа бозорларга йўналтирилиши мумкинми? Янги бозорларни очиш ва уларга етказиб бериш ҳажмини ошириш жуда узоқ жараён. Бундан ташқари, ҳеч ким логистика ва транспорт харажатлари муаммоларини бекор қилгани йўқ. Географик нуқтаи назардан Россия ва Хитой бозорлари узоқ вақт давомида Марказий Осиё мамлакатлари учун устувор бўлиб қолади. Шунинг учун ушбу баёнотларнинг амалга ошишишга объектив иқтисодий асосларни кўрмаяпман.
Изоҳлар мавжуд емас