Загрузка
Загрузка
Андижонда беш киши жабрланган ЙТҲда айбдор аёл озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди
Ҳодисалар

Андижонда беш киши жабрланган ЙТҲда айбдор аёл озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди

14
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилоятида суд беш киши жабрланган ЙТҲда айбдор деб топилган ҳайдовчи аёлга нисбатан ҳукм чиқарди. Йўловчилардан бири оғир тан жароҳати олганига қарамай, унга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилмасдан 1,5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Суд қарорининг нусхаси таҳририят ихтиёрида мавжуд.

ЙТҲ 4 май куни Андижон - Асака автомобиль йўлининг тартибга солинадиган чорраҳасида содир бўлган. Аёл Nexia-3 русумли автомашинани бошқариб кетаётиб, йўл ҳаракати қоидалари талабларини бузган ва чорраҳани кесиб ўтаётган Damas автомобили билан тўқнашиб кетган. ЙТҲ оқибатида Damas’нинг беш нафар йўловчиси турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Суд-тиббий экспертизаси материалларига кўра, жабрланганлардан бири оғир тан жароҳати, яна бири ўртача оғир тан жароҳати, иккитаси енгил тан жароҳати олган, бир йўловчи эса саломатлиги қисқа муддатга бузилмаган ҳолда енгил тан жароҳати билан омон қолган.

Damas автомобилига етказилган зарар 17,49 миллион сўм, Nexia-3 автомобилига эса 17,19 миллион сўм миқдорида баҳоланди.

Судда айбланувчи ўз айбини тан олмади. Унинг таъкидлашича, у чорраҳага светофорнинг рухсат берувчи ишорасига кирган ва Damas ҳайдовчисини аварияга сабабчи деб ҳисоблаган. Бироқ суд камера ёзувлари, экспертиза хулосалари ва жабрланувчиларнинг кўрсатмаларини ўрганиб чиқиб, айнан Nexia ҳайдовчиси чорраҳадан ўтиб кетаётган автомобилга йўл бермай, қоидаларни бузган, деган хулосага келди.

Суд аёлни Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (Соғлиққа ўртача оғир ёки оғир жароҳат етказилишига сабаб бўлган ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан айбдор деб топди. Унга 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шу билан бирга, суд унинг муқаддам судланмаганлигини, аёл эканлигини, ҳайдовчилик йўриқчиси бўлиб ишлашини ва автомобилни бошқариш унинг даромад манбаи эканлигини инобатга олиб, уни ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилмади.

Бундан ташқари, суд судланувчини Damas автомашинаси эгасига етказилган моддий зарар учун 17,49 миллион сўм товон тўлаш мажбуриятини юклади. Шунингдек, жабрланувчиларга фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида қолган моддий ва маънавий зарарларни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...