Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мадагаскарда маймун чечаги (mpox) бўйича 3 022 та касалланиш ва 20 та ўлим ҳолати қайд этилди. Мутахассислар касалликнинг ҳақиқий кўлами расмий маълумотлардан ҳам юқори бўлиши мумкинлигини билдирмоқда.
Хабарларга кўра, мамлакатдаги эпидемия 2024 йилда Конго Демократик Республикасида аниқланган Clade 1b штамми билан боғлиқ. Бу штамм тарқалиши ортидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўша йили глобал миқёсда фавқулодда вазият эълон қилган.
Суррей университети профессори Карлос Малукер де Мотеснинг таъкидлашича, касаллик тарқалишининг асосий омили аҳоли ҳаракатчанлиги бўлиб, вирус аввал учрамаган ҳудудларга ҳам кириб бормоқда. Олимнинг фикрича, кўплаб ҳолатлар расман қайд этилмаётгани боис ҳақиқий беморлар сони эълон қилинган рақамлардан юқори бўлиши мумкин.
Мутахассислар вирус жорий йил бошида денгиз савдо йўллари орқали Махажанга портига кириб келгани, кейин эса мамлакатнинг йирик соҳил шаҳарлари — Тоамасина ва Таоланьярога тарқалганини тахмин қилмоқда. Айни пайтда айнан шу икки шаҳарда қайд этилган ҳолатлар умумий касалланишларнинг ярмидан кўпроғини ташкил этмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Мадагаскарда ўтказилган mpox таҳлилларининг қарийб 65 фоизи ижобий чиққан. Бу эса кузатув ва ташхис тизими етарли эмаслигини, касалликка чалинганларнинг бир қисми расмий ҳисобга кирмаётганини кўрсатиши мумкин.
Ҳозирда Мадагаскар Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда энг кўп зарарланган ҳудудларда тест синовлари ва контактларни аниқлаш ишларини кучайтирмоқда. Бироқ мамлакатда вакцина захираси ва соғлиқни сақлаш инфратузилмасининг чеклангани эпидемияга қарши курашни қийинлаштириши мумкинлиги қайд этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Конго Демократик Республикаси (КДР) Алоқа ва ОАВ ишлари бўйича вазирлиги олдинроқ мамлакат шарқида Эбола безгаги билан касалланганлар сони кескин ортиб 1 003 нафарга етганиги маълум қилганди. Олиб борилган тиббий кузатувлар ва берилган ҳисоботларга кўра, эпидемия бошлангандан буён ушбу хавфли вирус оқибатида вафот этганлар сони 254 нафарни ташкил этмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас