Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. БААда ўзбекистонликлар ўртасидаги қонли тўқнашув бўйича суд ҳукми эълон қилингани ҳақида зиддиятли маълумотлар тарқалмоқда. Расмий доиралар ҳукм ижроси ва тури бўйича аниқлик киритмоқда. Шу муносабат билан Batafsil.uz мухбири ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурхонов билан боғланди.
2025 йилнинг апрель ойида Дубайдаги ёнилғи қуйиш шохобчасида юз берган, икки кишининг ўлимига сабаб бўлган оммавий муштлашув бўйича суд қарори ҳақидаги хабарлар жамоатчилик диққат марказида турибди.
Ўшанда ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликлар Дубайда пичоқбозлик уюштиргани ҳақида хабарлар тарқалганди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, содир бўлган воқеа туфайли баъзи Ўзбекистон фуқаролари амирликка кираверишда орқага қайтарилган эди.
Маҳаллий нашрлар 22 январь куни бўлиб ўтган судда 6 нафар Ўзбекистон фуқаросига ўлим жазоси берилганини хабар қилган бўлса, яна бир нафарига умрбод қамоқ жазоси тайинланганини маълум қилган.
ТИВ матбуот котибининг билдиришича, ҳали тасдиқланган хабар БАА томонидан Ўзбекистонга тақдим қилинмаган. Олинган маълумотларга қараганда фуқаролар умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Йўқорида келтирилган маълумотлар эса ҳозирча асоссиз.
Расмий идора вакили айни дамда вазият ўзбекистонлик дипломатлар томонидан ўрганилаётганини маълум қилган.

Изоҳлар мавжуд емас