Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкенда метрода нотаниш ўсмир қизнинг белини сийпалаган эркак устидан суд ўтказилган. Агарда қиз ўз вақтида қисқа видео олмаганида ва онасига кўрсатмаганида эди, бу воқеа ёпиқлигича қоларди. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамизки, мазкур ҳодиса 18 сентябрь куни Тошкент метросининг “Олмазор” бекатида юз берган. Ички ишлар вазирлиги ходимлари жиноятчини тезда аниқлашган. Маълум бўлишича, Тошкентнинг Олмазор туманида яшовчи 32 ёшли оила сардори бу ишга қўл урган. Эркак илгари Жиноят кодексининг 166 (талончилик), 169 (ўғрилик) ва 127 (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) моддалари билан жиноят содир этганликда айбланган.
Қизнинг онаси мухбиримизга хабар беришича, Миробод тумани судида эркакка иш ҳаққининг 20 фоизини ушлаш шарти билан икки йиллик ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган.
“Энди метрода тегажоғлик қилиш учун ҳақиқий жазо олиш мумкин. Бу каби шахсларга сабоқ бўлсин. Бу кичик бўлсада, адолатга қаратилган ва бундай шахсларни жазолашга йўналган қадамдир. Натижада пойтахтнинг жамоат транспорти хавфсиз бўлади”, -дея таъкидлади қизнинг онаси.
Она сифатида судьянинг қароридан қониқтингизми, деган саволга у ижобий жавоб қайтарди. Жазо адолатли бўлишини аёл кутмаган экан.
"Худога шукур, бахтимиз чопди - судья жуда етук, профессионал экан, эҳтимол қизлари бордир. У бизнинг ҳолатимизни кўнглига яқин олди", - деди қизнинг онаси.
Мулоқот якунида у Batafsil.uz. жамоасига, Ички ишлар вазирлиги ходимлари, судья ва оиласини қўллаб-қувватлаган ҳар бир кишига миннатдорчилик билдирди. "Ҳозирги ёшларнинг телефонида Интернет ва камера бор. Қонунга итоаткор фуқаролар замонавий технологиялар ва виждонли журналистлар каби кучли қуролларга эга эканлигини жиноятчилар билишсин", -деди у.
Batafsil.uz. жамоасининг фикрича, қизча ўзини йўқотмаганлиги ва ёзиб олган видеони онасига кўрсатгани, у эса ОАВга мурожаат қилганлиги, ИИВ ўз вазифасини аниқ бажарганлиги, судьянинг адолатли бўлиб чиққанлиги мазкур ишнинг мантиқий якун топишини таъминлаган.
Журналист билан суҳбат чоғида аёл суд жараёни бутун оиласи учун психологик жароҳат эканлигини тан олди.
"Қиз жуда кучли бўлса-да, бола билан психолог ишлашни давом эттирмоқда", деди у.
Изоҳлар мавжуд емас