Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz Ижтимоий тармоқларда хусусий боғча тарбиячиси деб тахмин қилинаётган аёлнинг болаларга бақиргани, уятли сўзлар ишлатгани, улардан бирига зарба бергани ва тажовузкор хатти-ҳаракатлари акс этган видео тарқалди. Кадрларда унинг мол-мулкга шикаст етказаётганини ҳам кўриш мумкин. Видео кенг жамоатчилик эътирозига ва расмий текширув учун асос бўлди.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган ўрганиш давомида ушбу ҳолат Наманган тумани "Эшобод" маҳалласида жойлашган хусусий боғчада содир бўлгани аниқланган. Муассаса ноқонуний - лицензиясиз ва давлат рўйхатидан ўтмасдан, ижарага олинган нотурар жойда фаолият юритган.
Видеодаги аёл билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, қатъий огоҳлантириш берилган. Шунингдек, болаларга нисбатан бундай хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
44 нафар бола таълим олган муассаса фаолияти тўхтатилган. Ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.
Изоҳлар мавжуд емас