Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Навоий вилояти Конимех туманида "Навоий–Зарафшон–Учқудуқ" автомобиль йўлида мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Kia ва Chery автомобилларининг тўқнашуви натижасида 5 киши ҳаётдан кўз юмди.
Ҳодиса 7 март куни соат 16:30 ларда содир бўлган. Маълумотларга кўра, "Навоий–Зарафшон" йўналишида ҳаракатланаётган Chery автомобили қарама-қарши йўналишдан келаётган Kia билан тўқнашиб кетган. Дастлабки тахминларга кўра, ҳар икки транспорт воситаси ҳам белгиланган тезлик меъёрларини сезиларли даражада оширган.
Kia автомобилида бир оиланинг 3 нафар аъзоси ҳалок бўлган. Cheryда эса ҳайдовчи — 41 ёшли НКМК ходими Санжар Нурмаҳмедов ва бир йўловчи вафот этган. Қурбонлар орасида Зарафшон шаҳри ҳаётини ёритиб келувчи "Зарафшон канал" админи, 17 ёшли Умиджон Тўхтамуродов ҳам бор.
Мазкур йўл участкаси ҳайдовчилар орасида хавфли ҳудуд сифатида танилган. Хусусан, 24 январь куни ҳам аянчли авария натижасида бир фуқаро вафот этганди.
Кетма-кет юз бераётган аянчли ҳодисалар ушбу йўналишда ҳаракат хавфсизлигини қайта кўриб чиқиш ва қўшимча чоралар кўриш зарурлигини кўрсатмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас