Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Пойтахтдаги компьютер клубларидан бирида юз берган оддий келишмовчилик қонли жиноятга айланди. Натижада икки нафар вояга етмаган шахс ўткир тиғли жисмдан жароҳат олган.
Ҳодиса тафсилотларига кўра, 19 ёшли йигит компьютерхонада ўтирган вақтида ёнидан ўтиб кетаётган ўсмирларнинг муомаласи ва унга салом бермаганидан ғазабланган.
Ўзаро оғзаки тортишув тез орада жисмоний зўравонликка айланиб, айбланувчи ёнидаги пичоқ билан аввал бир ўсмирнинг оёғига, сўнгра унинг шеригига тан жароҳати етказган. Жабрланувчилар вояга етмаган мактаб ўқувчилари экани аниқланган.
Ҳозирда гумонланувчи ўз қилмишидан пушаймонлигини ва бошқаларни бу каби хатоларни такрорламасликка чақиришини билдирмоқда.
Мазкур мудҳиш ҳолат сабабли ҳуқуқ-тартибот ходимлари жамоат жойларида ўткир тиғли ва совуқ қурол ҳисобланувчи ашёларни олиб юриш қонунан тақиқлангани яна бир бор эслатиб ўтган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми (Икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Бундан олдин 5 марта судланган "Малика" бозор безориси ҳам танишини пичоқлагани ҳақида хабар берган эдик. Тошкентда ИИВ ва ДХХ ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида у ушланганди. Жиноятчи олти йил ичида бешинчи бор судланганига қарамай, яна оғир жиноятга қўл урган эди.

Изоҳлар мавжуд емас