Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобат қўмитаси томонидан пойтахтда 21 миллиард сўмдан ортиқ давлат харидлари жараёнларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди. Текширувлар натижасида бир қатор тендерларда рақобатни чеклаш ҳолатлари қайд этилди.
Маълум қилинишича, QUYUV-MEXANIKA ZAVODI компанияси томонидан ўтказилган танлов савдолари Ўзбекистон темир йўллари тизими доирасида ўрганилган. Жами 8 та тендерда "Рақобат тўғрисида"ги қонуннинг 29-моддаси талабларига риоя этилмагани, яъни рақобатни чеклайдиган ҳаракатлар аниқланган.
Текширувлар Рақобат қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан амалга оширилган. Натижада буюртмачи ташкилотга нисбатан иш қўзғатилиб, белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилган.
Шунингдек, қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида такрорланишининг олдини олиш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилган. Қайд этилишича, бундай чоралар давлат маблағларининг шаффоф ва самарали сарфланишини таъминлашга хизмат қилади.
Олдинроқ Аксилкоррупция форумида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов давлат харидлари соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим натижалари ва тизимдаги назорат тадбирлари ҳақида батафсил маълумот берганди.

Изоҳлар мавжуд емас