Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Шу йилнинг март ойида пойтахтдаги "12" барида Борис Авакянни аёвсиз калтаклаган Акмал Шукуров иши ёпиқ тартибда кўриб чиқилади, ваҳоланки, прокурор ва жабрланувчи бунга қарши чиққан. Судья асос сифатида айбланувчи ва унинг қариндошларининг шаъни ва қадр-қимматига путур етказилганини кўрсатди. Ишни кўриб чиқиш 4 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида бошланди. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Дастлаб суд жараёни очиқ тарзда ўтказилиши режалаштирилган эди, бироқ бугунги мажлис аввалида судланувчининг адвокати уни ёпиқ ўтказиш, шунингдек, Batafsil.uz мухбирини суд залидан чиқариб юбориш ҳақида илтимоснома киритди.
Ҳимоячиларнинг сўзларига кўра, бунга нашрнинг айбланувчининг ота-онаси ва Борис Авакяннинг рафиқаси ўртасидаги мулоқот, шунингдек, Акмал Шукуровнинг ўзи ҳақида маълумотлар келтирилган материаллар сабаб бўлган. Адвокатнинг таъкидлашича, ушбу материаллар ҳимояси остидаги шахс ва унинг оиласининг шаъни ва қадр-қимматига путур етказади, шунингдек, уларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини бузади.
Судья Баҳром Бердиев жараёнда иштирок этаётган бошқалардан ҳам фикр сўради. Бунга прокурор, шунингдек, жабрланувчи томон Борис Авакян ва унинг турмуш ўртоғи қарши чиқди. Шунга қарамай, суд ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришга қарор қилди. Суд жараёнида иштирок этган нашримизнинг ягона журналисти, шунингдек, жабрланувчи ва айбланувчининг яқин қариндошлари суд залидан чиқиб кетишди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасига кўра, жиноят ишларини муҳокама қилиш очиқ ўтказилади, давлат сири, жинсий жиноятлар, вояга етмаганларнинг ишлари билан боғлиқ бўлган ёки процесс иштирокчиларининг шахсий ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳоллар бундан мустасно. Судларда журналистнинг ахборот излаш ҳуқуқи процессуал қонунчиликка бўйсунади.
Эслатиб ўтамизки, воқеа 16 мартга ўтар кечаси содир бўлган. Тергов маълумотларига кўра, Авакян танишини тажовузкор эркакдан ҳимоя қилишга уринган ва бошидан оғир жароҳат олган. У комага тушиб қолди ва фақат апрель ойининг бошида ундан чиқди.
Тошкент шаҳар ИИББ муштлашувни бошлаган 30 ёшли Акмал Шукуров хорижда яширинишга урингани, бироқ Қозоғистонда қўлга олингани ҳақида хабар берди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси ("Безорилик") ва 104-моддаси ("Қасддан оғир тан жароҳати етказиш") билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳлар мавжуд емас