Загрузка
Загрузка
Жанубий Кореялик компания барчасидан воз кечиб Ўзбекистонни тарк этиши  мумкин.  Бунга сабаб – ўз мулкини қайтариб ололмаётганлиги
Ҳодисалар

Жанубий Кореялик компания барчасидан воз кечиб Ўзбекистонни тарк этиши мумкин. Бунга сабаб – ўз мулкини қайтариб ололмаётганлиги

1898
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистонда мустақиллик йиллари давомида минглаб қўшма корхоналар яратилган. Уларнинг аксарияти   бугунги кунда ҳам муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Айримлари эса носоғлом рақобат, маҳаллий тадбиркорлар томонидан илгари сурилаётган лоббизм, шунингдек, корпоратив бошқарув ва операцион фаолиятга четдан аралашиш каби муаммоларга дуч келишмоқда.

Шуниси аянчлики, бундай воқеалардан ҳар-бири давлатга янги инвестицияларни жалб қилиш борасида жиддий тўсиқ бўлмоқда. Бўлғуси инвесторлар консалтинг компаниялари ҳисоботларидан ташқари ўз ҳамкасбларининг тажрибасини ҳам ўрганиб чиқишади. Бу ердаги ҳар қандай салбий ҳолат ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатларни деярли йўқ қилиши мумкин.

Бу борада бизнинг республикамиз ҳам истисно эмас. Шу каби воқеалар ҳаттоки дунёнинг ривожланган давлатларида учраб туради. Аммо ривожланган давлатларда бу каби ҳолатлар четдан қилинаётган босимдан қатъий назар адолатли ҳукм чиқарадиган мустақил ва профессионал судлар томонидан ҳал этилади. Бизда эса мазкур йўналишда муаммолар йўқ эмас. Шу сабабли инвесторлар ҳақиқатни тўғри келган жойдан излашга мажбур бўлишмоқда.

Batafsil.uz янгиликлар агентлиги таҳририятига "Уз-Донг Янг Ко" Ўзбекистон-Корея қўшма корхонаси директорининг ўринбосари Ох Дженг Мин мурожаат қилиб, қўшма корхона ва маҳаллий компания ўртасидаги технологик жиҳозларни ижарага олиш шартнома муддати тугаган бўлсада, маҳаллий компания уларни қайтаришдан бош тортмоқда. Бу эса Ўзбекистон-Корея қўшма корхонасина жиддий зарар етказмоқда.

СП "Уз-Донг Янг Ко" – Ўзбекистон автосаноатини маҳаллийлаштириш жараёнлари доирасида фаолият юритаётган корхона ҳисобланади. Айнан шу корхонага UzAuto Motors (Ravon ва Chevrolet брендлари) томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар салонларини жиҳозлаш ишониб топширилган. Корхона салон деталлари, жумладан эшиклар, потолок панеллари, қолинчалар ва юк қисми эшиги, бошкарув панеларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Қўшма корхонанинг фаолият юритиши автомобил эҳтиёт қисмларини импортини қисқартириш, шу орқали давлат учун валюта маблағларини тежаб қолиш, маҳаллий автомобиллар учун эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш бўйича дастурни амалга ошириш, шунингдек янги иш ўринларини яратиш имконини бермоқда. Айни пайтда корхонада 1000на яқин киши ишламоқда.

“Корхонамиз Жанубий Кореянинг Dong Kwang Group ва "Ўзавтосаноат” ўртасида қўшма корхона тузиш бўйича имзоланган келишувдан сўнг ташкил этилган эди. Унинг асосий мақсади – маҳалий ишлаб чиқарилган автомобилларни ички интерьер билан таъминлашдан иборатдир. Бугунги кунда биз билан 30га яқин маҳаллий етказиб берувчилар, хусусан Андижоннинг "Уз-Метертек Ко” корхонаси ҳамкорлик қилишмоқда. Бу корхона автомобиллар салонининг пластик деталларини ишлаб чиқариш ва уларни ранглаш билан шуғулланади. Аммо бу корхнадаги барча деталлар "Уз-Донг Янг Ко" ҚК томонидан ижарага берилган технологик жиҳозларда тайёрланади”, - деб айтди Ох Дженг Мин.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йилнинг ўрталаридан бошлаб Жанубий Кореянинг қўшма корхонаси ҳамда у билан ўн йилдан буён ҳамкорлик қилиб келаётган "Уз-Метертек Ко" ўртасида муаммолар юзага кела бошлади.

“Ўтган йилда Ўзбекистон раҳбарияти истеъмолчилар учун енгил автомобиллар якуний нархини пасайтириш ҳақида қарор чиқарди. Шунга асосан, корхонамиз бошқа қўшма корхоналар билан биргаликда ишлаб чиқаришни 20 фоизга мақбуллаштириш ҳисобидан автомобиль деталларинининг тан нархини камайтирди. Аммо "Уз-Метертек Ко" деталлар нархини камайтиришдан бош тортиб, юқори маржани сақлаб туришни давом эттирди”, – деб айтди суҳбатдошимиз.

Шунингдек, унинг айтишича, "Уз-Метертек Ко" томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Кореядан тўғридан-тўғри импорт қилинадиган шу турдаги маҳсулотга нисбатан 40 фоиз қиммат.

“Биз узоқ вақт давомида шу компания билан музокаралар олиб бордик. Лекин натижа бўмади. Шунда биз технологик жиҳозларни ижарага бериш шартномасини узайтирмасликка ва ўзимизга қайтариб олишга қарор қилдик”, - деди Ох Дженг Мин.

Янги ижара шартномаси тузилмаган бўлсада, маҳаллий етказиб берувчи Жанубий Кореяликларга жиҳозларни қайтариб бермаган. Айни пайтда ҳам "Уз-Метертек Ко" технологик жиҳозларни ноқонуний ишлатиб, оширилган нархларда деталларни тайёрлаш ва етказиб бериш билан шуғуланишни давом этмоқда.

"Ҳозирги кунда деталларни муқобил ишлаб чиқариш йўли мавжуд эмас. Буни билиб турган "Уз-Метертек Ко" раҳбарияти қасддан бизнинг технологик жиҳозларни қайтариб бермаяпти. Шу туфайли UzAuto Motorsнинг йиғиш линияларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун деталларни оширилган нархларда сотиб олишга мажбур бўлаяпмиз”, –дея таъкидлади Ох Дженг Мин.

Шу билан бирга унинг таъкидлашича, маҳаллий етказиб берувчи бир томонлама тартибда технологик жиҳозларни ўзида ушлаб туриб, деталларни етказиб беришдан бош тортадиган бўлса, UzAuto Motors ишлаб чиқариш линияларининг тўхтаб қолиши бўйича айбдорлик тўлиқ “Уз-Донг Янг Ко” қўшма корхонаси зиммасида бўлади.

“Бу бизга тегишли жиҳозлар. Аммо тушунарсиз ҳолат учун уларни қайтариб ололмаяпмиз. Биз судга мурожаат қилган бўлсакда, маҳаллий етказиб берувчи жараённи мунтазам чўзиб, жиҳозларимиздан ноқонуний фойдаланишни давом этмоқда”, – деди суҳбатдошимиз.

Жорий йилнинг август ойида бўлиб ўтган суд Жанубий Кореялик компания фойдасига қарор чиқарган. Лекин маҳаллий етказиб берувчи томонидан апелляция тақдим этилганлиги боис, суд муҳокамалари қайта тикланди ва бугунги қадар давом этмоқда.

Суҳбатдошимиз айтишича, Жанубий Кореялик инвесторлар тушунарсиз муаммолардан чарчаганлиги учун ўзларига тегишли технологик жиҳозларни қайтиб олиб, ишни давом эттиришмоқчи. "Уз-Донг Янг Ко" қўшма корхонаси ҳамкорлик қилиш ва деталларни мақбул нархларда ишлаб чиқаришга тайёр бўлган маҳаллий корхоналари билан музокаралар олиб бормоқда.

“Тўғрисини айтганда қонуний мулкни қайтариб олиш каби оддий масала Ўзбекистонда шунчалик бюрократлашганлигини тушуниш қийин. Бошқа давлатларда бундай ҳолатлар қачонлар ҳал этилиб, айбдорларга катта жарималар солинган бўларди. Биз эса уларнинг ортидан бориб, катта молиявий йўқотишларга дуч келяпмиз. Биз бошқа чет эллик инвесторлар шундай вазиятда қолишларини истамасдик. Ўзбекистон Ҳукумати хориж компаниялари учун қулай бизнес муҳитни шакллантириш учун тизимли ёндошувни ишлаб чиқиши лозим", – деб якунлади суҳбатдошимиз.

Ўз ўрнида таъкидлашимиз керакки, ҳар қандай муаммонинг иккита томони бор. Ушбу масала бўйича изоҳ олиш учун "Уз-Метертек Ко" компаниясига мурожаат қилдик. Компания раҳбарияти аввалида изоҳ берган бўлсада, юқори ташкилотлар билан келишиш зарурлигини айтиб, маълумотларни   чоп қилишга рухсат бермади.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...