Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Эрондаги вазият ва кутилаётган ҳарбий амалиётлар юзасидан навбатдаги баёнотини эълон қилди. Оқ уй раҳбари ўз мурожаатида бугунги кеча жаҳон тарихидаги энг муҳим паллалардан бири бўлишини таъкидлади.
Трампнинг сўзларига кўра, бугунги кечада "бутун бир цивилизация" ҳалок бўлиши мумкин ва уни қайта тиклашнинг имкони бўлмайди. Шунга қарамай, Президент Эрон раҳбариятидаги ўзгаришлар ва "ақлли ҳамда камроқ радикал" кучларнинг келиши туфайли вазият ижобий томонга ўзгаришига умид билдирган. "Балки инқилобий даражада гўзал бир воқеа содир бўлар? Ким билади?", — дея фикр билдирган АҚШ етакчиси.
Мурожаат якунида Дональд Трамп Эрондаги сўнгги 47 йиллик даврни "товламачилик, коррупция ва ўлим" даври деб атаб, бунга чек қўйиш вақти келганини қайд этган. Баёнот "Худо Эроннинг буюк халқини ўз паноҳида асрасин!"деган сўзлар билан якунланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вашингтон Эронга Ҳормуз бўғозини очиш бўйича сешанба куни соат 20:00 гача муҳлат берган эди. Ушбу мурожаат минтақада ҳарбий кескинлик энг юқори нуқтага чиққан ва АҚШ томонидан массивлашган ҳаво зарбалари берилиши кутилаётган бир пайтда эълон қилинган.

Изоҳлар мавжуд емас