Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мексика Миллий мудофаа вазири Рикардо Тревилья Трехо мамлакатдаги жиноий гуруҳларга қарши ўтказилган операциялар давомида қўлга олинган қурол-яроғларнинг қарийб 80 фоизи АҚШда ишлаб чиқарилганини маълум қилди. Ушбу кўрсаткич икки давлат ўртасидаги қурол контрабандаси ва чегара хавфсизлиги масаласини яна кун тартибига чиқарди.
Вазир Тревилья тақдим этган сўнгги маълумотларга кўра, Президент Клаудия Шейнбаум маъмурияти даврида хавфсизлик кучлари томонидан мусодара қилинган 18 мингга яқин узун ва калта стволли қуролларнинг 78-80 фоизи АҚШда ишлаб чиқарилган. Ушбу қуроллар Мексикага ноқонуний йўллар билан олиб кирилган бўлиб, уюшган жиноий гуруҳлар томонидан кундалик тўқнашувларда кенг қўлланилмоқда.
Айниқса, полиция ва тинч аҳолига қарши ҳужумларда ишлатиладиган 50 калибрли Barrett мерганлик милтиқлари ва ярим автоматик қуроллар асосий хавф манбаи бўлиб қолмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, АҚШдаги қурол савдосига оид қонунчиликнинг юмшоқлиги Мексикадаги жиноий ташкилотларнинг қуролланишига билвосита хизмат қилмоқда. Қуролларнинг аксарияти АҚШдаги хусусий дўконлар ва тартибга солинмаган савдо каналлари орқали сотиб олиниб, жанубий чегара орқали контрабанда қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мексика ҳукумати АҚШдан чегара назоратини кучайтиришни ва қурол етказиб бериш занжири устидан қатъий чекловлар ўрнатиш бўйича қўшма стратегия ишлаб чиқишни талаб қилмоқда.
Мексика хавфсизлик кучлари АҚШ разведкаси кўмагида дунёдаги энг хавфли жиноий гуруҳлардан бири — "Халиско янги авлод" (CJNG) картели асосчиси Немесио Осегуерани йўқ қилгани ҳақида аввал хабар берган эдик. Унинг ўлимидан сўнг бошланган тартибсизликлар юзга яқин инсонни ҳаётига зомин бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас