Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари "Ўзбекистон" халқаро форумлар саройида икки мамлакат санъаткорлари ижросидаги анъанавий концерт дастурини биргаликда томоша қилдилар. Ушбу маданий кеча қардош халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва маънавий яқинликнинг навбатдаги намойишига айланди.
Концерт дастурида икки халқнинг бой маданий меросини акс эттирувчи миллий мусиқа ва саҳна санъатининг энг сара намуналари ижро этилган. Ўзбек ва тожик санъаткорлари ҳамда бадиий жамоаларининг биргаликдаги чиқишлари икки давлат ўртасидаги фаол маданий мулоқот ва ўзаро ҳурмат рамзи сифатида намоён бўлган. Тадбир давомида ижро этилган куй-қўшиқлар йиғилганларда катта таассурот қолдирган.
Давлат раҳбарларининг ушбу тадбирдаги иштироки олий даражадаги музокараларнинг мантиқий давоми бўлиб, халқларимиз ўртасидаги азалий биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мазкур концерт дастури Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари нафақат сиёсий, балки маданий-гуманитар соҳада ҳам жадал ривожланаётганини тасдиқлаган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишидан сўнг 10 та йирик қўшма лойиҳани амалга оширишга старт бергандилар. Ишга тушириш маросими Тожикистон раҳбарининг 26 март куни Тошкентга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтган эди.

Изоҳлар мавжуд емас