Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг 2026 йил январь-март ойлари учун эълон қилган ҳисоботи мамлакатда демографик пасайиш тенденцияси давом этаётганини кўрсатмоқда. Таҳлилларга кўра, туғилиш кўрсаткичларининг пасайиши бевосита янги оила қуриш ҳолатларининг камайгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатимизда 42,3 мингта никоҳ қайд этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 минг бирликка камдир. Никоҳлар сонининг йилдан-йилга камайиб бориши (2022 йилдаги 57,9 мингтадан 42,3 мингтагача) табиий равишда туғилиш кўрсаткичларига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, 2026 йилнинг дастлабки уч ойида 191,1 минг нафар чақалоқ дунёга келган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 7 минг нафарга камайган.
Демографик вазиятни мураккаблаштираётган яна бир омил — ажралишлар ва ўлим ҳолатларининг ҳам кўпайишидир. Хусусан, январь-март ойларида 12,7 мингта ажралиш қайд этилиб, ўтган йилга нисбатан 1,2 мингтага ошган. Вафот этганлар сони 43,5 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,1 минг нафарга кўпайган.
Туғилганларнинг 51,5 фоизини ўғил болалар (98,5 минг), 48,5 фоизини эса қиз болалар (92,6 минг) ташкил этган. Қизиқарли жиҳати шундаки, туғилишларнинг катта қисми (50,9 фоиз) қишлоқ жойларига тўғри келган бўлса, вафот этганларнинг аксарияти (54,9 фоиз) шаҳар ҳудудларида қайд этилган.
Бундан хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистонда никоҳ қуриш суръатининг пасайиши ва ажралишларнинг кўпайиши яқин истиқболда туғилиш даражасининг янада камайишига олиб келиши мумкин бўлган асосий демографик хавф сифатида қолмоқда.
Аввалроқ Миллий статистика қўмитасининг 2025 йил якунларига кўра эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонда туғилиш кўрсаткичлари оталарнинг ёш гуруҳлари кесимида таҳлил қилинганди. Унга кўра, ўтган йил давомида мамлакатда жами 879 599 та туғилиш ҳолати расмий қайд этилган бўлиб, энг юқори кўрсаткич 25–39 ёшдаги оталар ҳиссасига тўғри келган.

Изоҳлар мавжуд емас