Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Швейцария Федерал жиноят суди Гулнора Каримовага нисбатан коррупция ва пул ювиш айбловлари билан қўзғатилган жиноят ишини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бунга Каримованинг мамлакатни тарк этиш ҳуқуқи йўқлиги ва иш бўйича даъво муддати тугаб бораётгани асосий сабаб сифатида кўрсатилди.
Жорий йилнинг 27 апрель куни Беллинзонадаги Федерал жиноят судида Гулнора Каримова ва Ofis жиноий тармоғига оид халқаро коррупция ишини кўриб чиқиш бошлананди. Салкам йигирма йиллик тарихга эга ушбу иш Швейцария адлия тизимидаги энг мураккаб ва ғайриодатий жараёнлардан бири сифатида баҳоланган эди.
Суд раисининг таъкидлашича, айбланувчи Ўзбекистондан чиқиш имкониятига эга эмаслиги сабабли суд жараёнида иштирок эта олмайди. Ҳимоя томонига кўра, Ўзбекистон расмийлари Каримованинг Швейцариядаги судда қатнашиши учун мамлакатдан чиқиб кетишига рухсат бермаган.
Мазкур қарор Каримованинг жавобгарликдан озод этилишини англатмайди. Гулнора Каримова 2014-йилдан бери Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтамоқда ва у камида 2028-йилгача озодликка чиқмайди. Суд хулосасига кўра, маҳкуманинг Ўзбекистондаги қамоқ муддати уни Швейцария қонунчилиги бўйича кутиши мумкин бўлган жазо муддатидан анча узоқроқдир.

Изоҳлар мавжуд емас