Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Таниқли раққоса, балетмейстер, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Насиба Мадраҳимова 23 июль куни 80 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда журналист Насриддин Асриддинов ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.
Марҳума ўзбек миллий рақс санъатининг етук намояндаларидан бири бўлиб, Мукаррама Турғунбоева номидаги "Баҳор" халқ рақс ансамблида 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида етакчи раққоса сифатида ижод қилган.
Бундан ташқари, устоз санъаткор 30 йилдан зиёд вақт давомида Ўзбек хореография мактабида педагоглик фаолиятини олиб бориб, кўплаб шогирдларга миллий рақс сирларини ўргатган.
Насиба Мадраҳимова санъат соҳасидаги фидокорона хизматлари учун "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" фахрий унвони ҳамда "Шуҳрат" ордени билан тақдирланган.
Санъаткор турли йилларда хорижий мамлакатлардаги гастроль сафарларида иштирок этиб, ўзбек миллий рақс санъатини дунё миқёсида тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшган.
Тахририятимиз марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Изоҳлар мавжуд емас